Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Ангор тумани ҳокимлиги
Халқ таълими вазирлигининг кенгайтирилган Ҳайъат йиғилишида таълим сифатини ошириш ва мактаблар рейтинги масалалари танқидий таҳлил этилди

Жорий йилнинг 22 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигида “Халқ таълими вазирлиги ҳудудий бошқарув органлари ва умумий ўрта таълим муассасалари фаолияти самарадорлиги ҳамда 2020 йил миллий рейтинг натижалари”га бағишланган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, ушбу ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда 2019/2020 ўқув йили учун мактаблар рейтингини аниқлаш мақсадида 2019 йилнинг 3 октябрдан 18 декабргача республикамизнинг барча туман ва шаҳарларидан 992 та умумтаълим муассасаларида назорат ишлари ва ижтимоий сўровнома натижалари таҳлил этилди.

Мактаблар рейтингини тузишда 4 та кўрсаткич асосий мезон сифатида жорий қилинган. Булар битирувчи ўқувчиларнинг умумтаълим фанлари бўйича таълим тайёргарлик даражаси ва сифат кўрсаткичи, 9-синф ўқувчиларининг билим даражаси, олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши, умумтаълим муассасасининг ўқувчилари ва педагог жамоаси ўртасида ўтказиладиган сўровнома натижалари.

Рейтинг натижаларига кўра, ҳудудлар рейтингида энг юқори ўринларни Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятлари эгаллаган бўлса, қуйи ўринларда Сирдарё, Тошкент вилояти ва Сурхондарё вилоятлари қайд этилди.

11-синф битирувчиларининг ўқишга кириш кўрсаткичлари бўйича Тошкент шаҳри (10,2%), Навоий (10,2%), ҚҚР (10,4%, Фарғона (10,7%) ва Бухоро (16,5%) вилоятлари пешқадам бўлди.

9-синф ўқувчиларининг билим даражасини аниқлаш бўйича ўтказилган назорат ишларида жами 22769 нафар ўқувчи қатнашди ва уларнинг 56.1%и она тилидан диктантдан ва 11.97%и математикадан ёзма ишдан ижобий баҳоланди.

Олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши бўйича юқори ўринларда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари бўлса, қуйи ўринларда Самарқанд, Сурхондарё ва Жиззах вилоятлари мактаблари аниқланди.

Мактаб ўқитувчилари жамоаси билан ўтказилган сўровномада жами 28707 нафар педагог ходимлар қатнашди. Ижтимоий сўровномалар TALIS-халқаро тадқиқотлари саволлари асосида ўтказилди. Бу ўтказилган сўровномалар ўқитувчининг профессионал фаолиятини текширишга имконият берди. Сўровномада ўқитувчилар ўз касбий тайёргарлиги, педагогик фаолияти, шахсий фикр-мулоҳазалари, мактаб шароити ҳақида маълумот берган. 

Рейтингга жалб қилинган мактаблар рўйхати умумтаълим муассасалари рейтингини тузиш бўйича мувофиқлаштирувчи комиссия томонидан тасдиқланган технология асосида танлаб олиш орқали шакллантирилди. Танлов натижаларига кўра, 186 та ихтисослаштирилган мактаб ва 806 та оддий мактаб рейтинг рўйхатига киритилди.

Мактаб рейтингини аниқлайдиган индикаторларни яратиш жараёнида хорижий тажрибалар ўрганилиб, хусусан АҚШ, Россия Федерацияси, Япония, Австралия, Швейцария, Голландия, Канада ва Украина каби давлатларда умумтаълим муассасалари рейтингини баҳолаш методикаси чуқур таҳлил қилинди.

Рейтинг натижаларини таҳлил қилиш асосида соғлом рақобат муҳитни шакллантириш, мактабларда таълим сифатини кўтариш, ўқитувчиларнинг билим даражасини ва педагогик маҳоратини ошириш, умумтаълим муассасалари фаолиятидаги очиқлик ва шаффофлик даражасини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, паст кўрсаткич қайд этган мактабларда таълим сифатини кўтариш ва камчиликларни бартараф қилиш бўйича таклифлар билдирилди.

Изоҳ қолдириш

Хизматлар

  • Ҳозир сайтда
  • 19 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс