Ангор туманидаги "Қадимий Ангор" ва "Гиламбоб" маҳалла фуқаролар йиғинида мактабгача таълим ташкилотлари фойдаланишга топширилди. Мазкур муассасаларда болажонлар учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. “Қадимий Ангор” маҳалласидаги 12-сонли мактабгача таълим ташкилотининг эски биносига илгари 60 нафар тарбияланувчи қабул қилинган. Ҳозирги янги, замонавий таълим ташкилоти 120 ўринга мўлжаллаб қурилди. Барча қулайликларга эга “Гиламбоб” маҳалласидаги 10-сонли мактабгача таълим ташкилоти ҳам 120 нафар болажонларни ўз бағрига олади.
Ташкилотларнинг очилиш маросимида туман ҳокими Шоҳжаҳон Абдуллаев сўзга чиқиб, болажонлар учун мактабгача таълим ташкилотларида яратилган шароитлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари янги замонавий кўринишда бунёд этилган боғчада келажагимиз бўлган болажонлар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, туманда жорий йил якунига қадар яна 3 та янги мактабгача таълим ташкилотининг фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Ҳозирги кунга қадар 3 та янги мактабгача таълим ташкилоти ишга туширилди.
© Ангор тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024