Жамиятимизда бугун хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг оилада бахтли ва фаровон яшашларини таъминлаш, ўзларига берилган ҳуқуқ ва эркинликларидан оқилона фойдаланишлари учун ғамхўрлик қилинмоқда, кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.
Лекин айрим эркаклар аёлига, хотин-қизларга паст назар билан қарайди, унга бир буюмдек муомалада бўлишади. Жумладан, “Қадимий Ангор” МФЙда яшовчи 1979 йилда туғилган Эшимов Тошмамат
(исм, фамилиялар ўзгартирилган) шундай эркаклардан бири экан.
У оилали, 3 нафар фарзанди бўлишига қарамасдан, ҳеч қаерда ишламайди. 2022 йил 14 октябрь куни соат 21:00 ларда яшаш уйида турмуш ўртоғи Б.Мараймаматова билан жанжаллашиб қолади. Уни ҳақоратлаб, шаъни ва қадр-қимматини камситади. Т.Эшимов ўзининг бу хатти-ҳаракатлари билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган.
Судда Т.Эшимов жаҳл устида турмуш ўртоғи Б.Мараймаматовани ҳақорат қилганлигини, ҳозирда у билан ярашмоқчи эканини билдириб, суддан енгиллик беришни сўради.
Жабрланувчи Б.Мараймаматова эса турмуш ўртоғи Т.Эшимов доимий равишда у билан жанжаллашиб, уни ҳақорат қилишини айтиб, у билан ярашмаслигини, унга қонуний чора кўришни сўради.
Суд келгусида бу каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Т.Эшимовга МЖтКнинг 33-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 баравари миқдорида яъни 1.200.000 сўм жарима жазоси тайинлади.
Жиноят ишлари бўйича
Ангор туман судининг архивариуси: О.Жаппоров
© Ангор тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024