Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Ангор тумани ҳокимлиги
КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ БАРЧАНИНГ ИШИ

   Сир эмаски, дунёдаги барча мамлакатлар тараққиётига салбий таъсир этаётган иллатлардан бири — коррупциядир.

   Коррупция кеча ёки бугун пайдо бўлган иллат эмас. Унинг тарихи узоқ йилларга бориб тақалади. Бугунги кунда жиноятнинг бу тури содир бўлмайдиган бирор мамлакатни топиш қийин. Эътиборлиси, жиноятнинг бу тури учун дунё бўйлаб жазо муқаррарлиги таъминланмоқда. Коррупцияни ҳеч иккиланмай “тараққиёт кушандаси”, деб аташ мумкин, чунки БМТ олдида турган энг глобал муаммолардан бири саналган коррупцияга қарши курашнинг давлатлар ўртасида мувофиқлаштирилган дастурлари ва бошқа ҳуқуқий меъёрлари ишлаб чиқилган.

   Шунингдек, бу борада Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти  И.Каримов ўзининг “Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” асарида коррупция ва порахўрлик ҳақида тўхталиб, “Жиноятчилик ва коррупциянинг авж олиши давлатнинг конституциявий асосларини емиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари жиддий тарзда бузилишига олиб келади” деб таъкидлайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддасида Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар, деб белгиланган. Шундай экан, давлатнинг юзи бўлган Конституция фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиши баробарида, давлат органларида хизмат қилаётган мансабдор шахсларни, хизматчиларни фуқаролар манфаатларига зид келувчи ҳатти-ҳаракатлардан тийилишни талаб этади.

Бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида, илмий асарлар ва бошқа материалларда коррупция ва унинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитлари борасида шунингдек, жавобгарлик масалаларида жуда кўплаб маълумотларни топишимиз мумкин. Лекин, шу вақтгача мамлакатимизда яхлит битта қонуннинг мавжуд эмаслиги ушбу ҳуқуқбузарликка қарши курашишимизга, ушбу соҳадаги давлат сиёсатини юритилишида қийинчиликлар туғдираётган эди. Шу муносабат билан янги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириб, устувор йўналишларни белгилаб берди. Мазкур Қонун 6 боб, 34-моддани ўз ичига олиб, ўзининг вазифа ва функцияларига кўра коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир. Коррупция аввало шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёҳуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, ҳудди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши эканлиги Қонуннинг 3-моддасида келтириб ўтилмоқда.

Дарҳақиқат, коррупция — мансабдор шахсларнинг, давлат хизматчиларининг ўз хизмат вазифаларини суистеъмол қилишлари, мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиб, жиноят олами вакилларига воситачилик қилишларидир.

Қонунга кўра, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари қуйидагилар этиб белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легиаллаштиришга қарши курашиш департаментидир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, шуни айтишимиз мумкинки, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида корруциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш ҳар бир фуқаронинг бурчи ва вазифасидир. Зеро, мамлакатимиз тараққиётини белгилаб берувчи куч, бу Қонунлар ва уларга итоат этишдир. Шундай экан, халқ билан мулоқот тизимини йўлга қўйиш, ҳар соҳада илдамлик, холислик ва қонунийликни таъминлаш биз хизматчиларнинг олдимизда турган муҳим вазифа бўлмоғи лозим.

 

А.Худояров Ангор тумани статистика бўлими бошлиғи

 

Изоҳ қолдириш

Хизматлар

  • Ҳозир сайтда
  • 8 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс