Сурхондарё вилоятида маҳаллабай ишлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ва бу орқали аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Вилоятда 195 та иқтисодий-ижтимоий аҳволи нисбатан оғир ҳудудлар аниқланиб, ободонлаштириш ишлари йўлга қўйилган. Ушбу рўйхатга Ангор туманидаги 6 та маҳалла ҳам киритилган. Биринчи сектор ҳудудида жойлашган Юқори Хўжақия маҳалласи шулар жумласидандир.
Юқори Хўжақия маҳалласида жами 18 км ички хўжалик йўллари мавжуд бўлиб, шундан 9 км қисми тупроқ йўллардан иборат. Ўтган йилда ушбу йўлларнинг 4 километр қисмига шағал-тош ётқизилган. Жорий йилда қолган 5 км йўлга тош-шағал тўкиш ишлари режалаштирилган.
Бугун маҳаллада ташкил этилган кенг қамровли ободонлаштириш ҳашарида мазкур йўлларга тош-шағал ётқизиш ишлари бошлаб юборилди. Ушбу ишлар учун қирқга яқин махсус техникалар ва тумандаги кўнгиллилар жалб этилди.
Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими Тўра Боболов тумандаги ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан суҳбатлашиб, уларнинг манзилли дастурлари билан танишди.
-Маҳаллада паррандачиликни ривожлантиришни йўлга қўйишни режалаштирганмиз. Ҳозирги кунга қадар эҳтиёжманд, иш билан банд бўлмаган 30 та хонадонга товуқ жўжаларини тарқатдик. Уларга ойлик маош ҳам белгиланган. Жиззах ва Тошкент вилоятидан мутахассислар ҳам жалб қилганмиз. Мутахассислар фуқароларга паррандандачиликни ривожлантириш орқали тадбиркорликни йўлга қўйишни ўргатмоқда, - дейди Кайран маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Шерзод Йўллиев.
Шундан сўнг, вилоят ҳокими “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилиб, имтиёзли кредит олган ва ҳозирда ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркорлар фаолияти билан танишди. Шунингдек, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш бўйича ташкил этилган спорт тўгаракларида иштирок этиб келаётган ёшлар билан ҳам суҳбатлашди ва мазкур ишларни янада самарали йўлга қўйиш бўйича ёшлар етакчиларига зарур тавсияларни берди.
-Иш фаолиятимизни хатлов жараёнидан бошлаганмиз. Маҳалладаги ҳар бир ёш билан ишлаб, муаммосини ҳал этиш, бешта муҳим ташаббус ижросини таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда йигит-қизларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш ва тадбиркорликка йўналтириш ишларини олиб боришни режалаштирганмиз,-дейди вилоят ҳокими билан бўлган суҳбатда Наврўз маҳалласи ёшлар етакчиси Умрзоқ Хуррамов.
Вилоят ҳокими маҳалладаги фуқаролар билан ҳам учрашди. Улар билан ўтказилган очиқ мулоқот давомида сўнги йилларда мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилган кенг ислоҳотлар хусусида тўхталди.
Йиғилишда ушбу бошланган тадбир маҳалладаги тупроқ йўлларига тош-шағал ётқизиш, электр энергия сифатини яхшилаш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган устун ва тармоқларни янгилаш ишларини тўлиқ амалга ошириш орқали тугатилишини маълум қилди.
Маҳаллада ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари давом этмоқда.
© Ангор тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024