Байрам табриги


Ангор тумани ҳокими Шоҳжаҳон Абдуллаевнинг 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан байрам табриги
      Азиз ўқитувчилар, муҳтарам мураббийлар!
      Жамиятда ҳар бир инсоннинг ўз ўрнини топишида устоз-муаллимларнинг хизмати катта. Меҳрибон, фидойи, жонкуяр касб эгалари бўлган ўқитувчилар шогирдларига билим бериш билан бир қаторда улар қалбида эзгу хислатларни, меҳр-оқибат ва одамийлик туйғуларини шакллантириб борадилар. Шунингдек, ўқувчиларнинг қобилиятларини юзага чиқариб муваффақиятлар чўққисини забт этишларида ҳам ўзларининг заҳматли меҳнатларини аямайдилар. 
      Мамлакатимизда ҳар йили 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” сифатида кенг нишонланиши Ўзбекистон тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган ўқитувчилар, устоз ва мураббийлар меҳнатининг юксак эътирофи, уларга билдирилган ҳурмат ва эътибор намунасидир. 
      Юртимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида  янги ўқув муассасалари барпо этилиб, мавжудлари жорий таъмирланмоқда. Шунингдек, муассасаларнинг моддий-техник базаси янада ривожлантирилмоқда. Истиқлол йилларида Ангор туманида ҳам кўплаб янги таълим масканлари бунёд этилди. Бу ўз навбатида билимга ташна ўғил-қизларимизни янада янги куч-ғайрат билан ўқишга, забардаст мураббий ва ўқитувчиларни эса шижоат билан ишлашга ундайди.
      Бугунги кунда бутун дунёни ларзага солган “COVID-19” пандемияси сабабли умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг таҳсил олиш жараёни анъанавий ҳамда онлайн тарзида ташкил этилди. Жорий ўқув йилида тумандаги 44 та таълим муассасида 24 минг 670 нафар ўқувчига 2 минг 129 нафар педагог кадрлар таълим-тарбия бермоқдалар. Ўтган ўқув йили давомида бир қатор тажрибали педагоглар муносиб тақдирланган. Жумладан, тумандаги 1-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Раъно Қушкулова, 13-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси Элмурод Абдиев, 18-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчилари Тошпўлат Жумаев ҳамда Соатмурод Мўминовлар Ўзбекистон Республикаси “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирландилар.  
      2020 йилда туманда Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар ихтисослашган мактаб- интернатининг барпо этилиши бу соҳага катта эътибор қаратилаётганлигидан далолат беради. Ушбу қурилиш-таъмирлаш ишларига инвестиция дастури асосида 10 млрд 547 млн сўм маблағ ажратилган. Бундан ташқари, мактабларда  жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Буларнинг барчаси соҳага қаратилган эътибор самарасидир. 
      Маълумки, ватанимизнинг порлоқ келажаги ёш авлод қўлида. Уларни маънан етук, тафаккур олами кенг ва билимли инсонлар этиб тарбиялашда меҳнат қилаётган ғайратли, шижоатли ўқитувчи-мураббийларга миннатдорчилик билдирамиз. 
       Азиз устозлар, қалбидарё муаллимлар! 
    Барчангизни “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами билан чин қалбимдан табриклайман! Сизнинг машаққатли ва шарафли меҳнатингизда омад ҳамиша ҳамроҳ бўлсин, оилавий бахт ҳеч қачон тарк этмасин.