Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Ангор тумани ҳокимлиги
Қонуннинг моҳияти ва аҳамияти

“Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг моҳияти ва аҳамияти

      Маълумки, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминламасдан туриб, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш тўғрисида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Бунинг учун биринчи навбатда, бу борадаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш зарур. 2021 йилнинг 12 январида Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун (ЎРҚ–663-сон) Президент томонидан имзоланди. Киритилган ўзгартиришларга кўра, ишларни назорат тартибида кўриш инстанцияси тугатилди. Илгари, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар Олий суд Раёсати ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида кўрилар эди. Эндиликда кассация тартибида кўрилган ишлар умумий асосларда такроран кўрилиши мумкин. Ишлар инвестициявий низо бўйича йирик инвесторнинг, рақобатга оид иш бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра Олий суд томонидан кўрилади.

Инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларнинг иқтисодий судларга тааллуқли эканлиги белгиланди.

Инвестициявий низолар бўйича ишлар жумласига қуйидагилар киради:

1) инвестиция шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ низолар;

2) инвестиция шартномаларини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги низолар;

3) инвестиция шартномасининг бажарилиши билан боғлиқ низолар;

4) инвестиция шартномасидан келиб чиқадиган солиқ, божхона, ижтимоий, экологик ва бошқа мажбуриятларнинг инвестор томонидан бажарилиши билан боғлиқ низолар;

5) инвестиция шартномаси бўйича инвесторга берилган мол-мулкни талаб қилиб олиш ёки бундай шартнома бўйича неустойка ундириш ва (ёки) зарарлар ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар.

Юридик шахслар, шу жумладан чет эл юридик шахслари, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда монополияга қарши орган ўртасида товар ва молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар рақобатга оид ишлар жумласига киради.

Прокурорларнинг барча иқтисодий суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи бекор қилинди. Эндиликда прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси билан қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкин. Бизнес омбудсманга ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти бериш ҳуқуқи берилди. Бундан ташқари, Олий суд судьяси кассация шикояти бўйича иқтисодий суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли эканлиги белгиланди. Назорат инстанцияси бекор бўлган бўлсада, кассация тартибида кўрилган иш такроран кўрилиши мумкин.

Норбеков Воҳиджон,

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг судьяси,

Нигора Ҳасанова,

 ЖИБ Ангор туман судининг девонхона мудири

 

Изоҳ қолдириш

Хизматлар

  • Ҳозир сайтда
  • 29 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс