Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Ангор тумани ҳокимлиги
Моддий ва маънавий зарарни ундириш тушунчаси

Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатларини таъминлашда  барча ҳуқуқ соҳалари қатори фуқаролик ҳуқуқининг ҳам муҳим ўрни бор.

Жумладан, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли  фуқарога  етказилган  маънавий зарарнинг ўрнини пул шаклида қоплаш  институти ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг энг муҳим фуқаролик-ҳуқуқий воситаси ҳисобланади. 

Маънавий зарарни қоплашга оид нормалар фуқаролик қонунчилигига мамлакатимиз мустақиллиги қўлга киритганидан сўнг  киритилган бўлиб, унга қадар  қонун маънавий зарарни ундиришликни кўзда тутмаган. Буни эса оддий бир ҳолат билан, яъни фуқаронинг шахси шу даражада “юксак” ҳисобланганки, бу шахсга етказилган маънавий зарарни  пул  билан баҳолаш асло мумкин эмаслиги билан асослашга ҳаракат қилиб келинган.

Бугунги кунда мафкура, сиёсат, ҳуқуқ кабиларга нисбатан қарашлар, нафақат қарашлар балки устқурма сифатида уларнинг туб моҳияти тубдан ўзгариб бориши баробарида бу соҳада моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларни янада такомиллаштириш мақсадида  ривожланган давлатларнинг қонунчилиги ўрганилиб, умум эътироф этилган халқаро ҳуқуқ нормалари ва принциплар миллий қонунчилигимизга сингдирилиб, амалдаги қонун ҳужжатларида етказилган руҳий ва жисмоний азоблар учун фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик белгиланди. 

Бироқ, айрим фуқароларнинг ҳуқуқий билим савияси етарли бўлмаганлиги боис, улар ушбу имкониятлардан фойдалана олмаяптилар, бу эса, ўз-ўзидан маълумки, моддий ва маънавий зарар билан боғлиқ бўлган фуқаровий-ҳуқуқий муносабатларни юзага келтиради.

Биргина 2022-2023 йил январь ва февраль ойларида  фуқаролик ишлар бўйича Сариосиё туманлараро суди томонидан 20 та тамаънавий зарарни ундиришга оид ишлар кўриб чиқиб ҳал этилган. Аммо, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунга қадар бу борада ягона суд амалиёти шаклланишига эришилмади. Бу соҳадаги қонун ҳужжатлари ва суд амалиётини ўрганиш шундан далолат бермоқдаки,  маънавий зарарни ундиришни тартибга солишга қаратилган нормаларнинг такомилига етказилмаганлиги, қолаверса  амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларни турли хил талқин қилиниши оқибатида амалиётда  қатор муаммоли масалалар юзага келмоқда. 

Масалан, даъвогар М.Д судга даъво ариза билан мурожаат қилиб унда, жавобгар М.С дан 22 155 000 сўм моддий, 30 000 000 сўм маънавий зарар, туланган давлат божи ва почта ҳаражатини ундириб беришни сўраган.
             Аниқланишича, жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман судининг 09.11.2021 йилдаги қарорига кўра жавобгар М.С, 2021 йил 24 август куни соат 23:30да Сариосиё тумандан ўтувчи автоуловни бошқариб келиб, йўл белгиларига риоя этмасдан, тартибга солинган чорраҳада қарама-қарши томондан ҳаракатланиб келаётган М.Д бошқарувидаги Ласетти русумли автоулови билан  тўқнашув содир этиши натижасида М.Д бошқарувидаги ласетти русумли автомашинага 22 150 000 сўм миқдорида зарар етказиб, ўзининг бу хатти-ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 133-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбўзарликни содир этган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 985-моддасига кўра, “ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига етказилган зарар, шунингдек юридик шахсга етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим” деб кўрсатилган.

Жиноят суди қарорига кўра жавобгарнинг даъвогарга тегишли автомашинага 22 155 000 сўм моддий зиён етказганлиги аниқланган бўлиб, қайта исбот талаб қилинмайди.

Судга тақдим этилган “Денов бахолаш” МЧЖнинг 04.10.2021 йилдаги хулосасига кўра даъвогарга тегишли автомашинага етказилган зарар миқдори 22 155 000 сўмни ташкил этади.

Суд жавобгар М.С дан даъвогар М.Д фойдасига солидар тартибда 22 155 000 сўм моддий, 3 000 000 сўм маънавий зарар, 540 000 сўм тўланган давлат божи, 20 000 сўм тўланган почта ҳаражати жами 25 715 000 сўм ундирилган.

Жавобгар М.С дан давлат фойдасига 886 200 сўм давлат божи ундирилган ва даъвогар даъво талабининг қолган қисми қаноатлантиришдан рад этилган.

Суд даъвогарнингжавобгар уни хақорат қилганлиги учун маълум бир миқдорда рухан азоб чекканлигинини суд эътироф этсада, даъвогарнинг маънавий зарарни 30 000 000 сўмга баҳолашига қўшилмаган ва бу эса суд томонидан даъвони қисман қаноатлантиришга асос бўлган.

  Айниқса, маънавий зарар миқдорини аниқлаш  суд амалиётида учраб турадиган мунозарали масалалардан биридир, чунки уни  аниқлашда мавжуд нормаларни қўллаш амалиёти ҳар хил. Маънавий зарар миқдорини белгилаш борасидаги суд амалиётини кўрадиган бўлсак, Фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро суди томонидан даъвогарлар тақдим этаётган даъво аризасида маънавий зарарни қоплашни сўраган миқдордан жуда кам миқдорда қаноатлантирилаётганлигини кўришимиз мумкин. Бу жараёнга таъсир қиладиган омиллар тўғрисида  гапирганда, айтиш мумкинки,  бир тарафдан  бу борадаги  қонун ҳужжатлари такомиллашмаган, иккинчи тарафдан тегишли Олий суд Пленуми қарори қуйи судларга бу борада мукаммал тушунтириш бермаган.        

Шу сабабдан ҳам маънавий зарарни ундириш билан боғлиқ ягона амалиёт шаклланмаган.

Ҳар бир фуқаронинг маънавий ва жисмоний азобга чидамлилик даражаси  ҳам турлича  бўлиши мумкинлигига эътибор берилиши лозим бўлади.

Фуқаролик кодексининг 100-моддасига мувофиқ, ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган фуқаро бундай маълумотлар рад этилиши билан бир қаторда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зиённинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир. Ушбу моддадаги фуқаронинг ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қоидаси юридик шахснинг ишчанлик обрўсини ҳимоя этишга нисбатан ҳам тегишли йўсинда татбиқ этилиши белгиланган. 

Ўз навбатида, Фуқаролик кодексининг 1022-моддасида маънавий зарарни қоплаш усули ва миқдори назарда тутилган бўлиб, маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва маънавий азобларнинг ҳусусиятига, шунингдек айб товон тўлашга асос бўлган ҳолларда зарар етказувчининг айби даражасига қараб суд томонидан аниқланиши назарда тутилган.
              Жисмоний ва маънавий азобларнинг хусусияти маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатлар ва жабрланувчининг шахсий хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан баҳоланади. Гап шундаки, юридик шахслар жисмоний ва маънавий азобларни кечирмайди. Шу сабабли, қонунчиликда юридик шахслар фойдасига нисбатан маънавий зарарни ундириш билан боғлиқ қоидалар чиқариб ташланмоғи лозим. 
            Хулоса қилиб айтиш керакки, судлар томонидан маънавий зарарларни ундиришга оид ишларни кўришда  ягона амалиётга таянилмаяти. Бунга юқоридаги омиллар ўзининг салбий таъсирини ўтказмоқда. Фикримизча буларни бартараф қилиш мақсадида  қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф қилиш, хусусан  “маънавий зарар” тушунчасининг аниқ ҳуқуқий таърифини ишлаб чиқиш, хорижий тажрибадан келиб чиқиб, юридик шахслар томонидан маънавий зарарни қопаш билан боғлиқ қоидаларни қонун ҳужжатларидан чиқариб ташлаш, маънавий зарарни қоплаш усуллари бўйича қонун ҳужжатларидаги номувофиқликларни бартараф қилиш, маънавий зарар моддий (пул миқдори ёки бошқа мол-мулк) ва номоддий (оммани олдида шахсан узр сўраш) усуллар билан ҳам қопланишини назарда тутиш, маънавий зиённи суд тартибидан ташқари, ўзаро келишув асосида ҳам қопланиши механизмини ишлаб чиқиш, жиноят процессуал кодексини фуқаровий даъвогар сифатида жиноят оқибатида маънавий зарар кўрган жисмоний шахсларни ҳам тан олишга қаратилган ўзгартишларни киритиш,  судлар учун тавсиявий характерга эга бўлган маънавий зарарни қоплашда миқдорни аниқлаш бўйича услубиётни ишлаб чиқиш зарур

 

Фуқаролик ишлари бўйича

Сариосиё туманлараро судининг раиси                                      М.Э.Номозов

Изоҳ қолдириш

Хизматлар

  • Ҳозир сайтда
  • 18 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс