Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Ангор тумани ҳокимлиги
Алимент тўлашдан бош тортган ота жиноий жавобгарликка тортилди

Фарзанд инсон учун энг бебаҳо неъматлардан биридир. Ўзбекистонда оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбиясига аҳамият бериш ва бу йўлда қайғуришга асосий вазифа сифатида ёндашилади. Бу эса ўз навбатида ҳар бир оиланинг фарзанд олдидаги бурчини янада теранроқ англашини, оилада тарбия учун зарур бўлган муҳит – аҳиллик ва якдилликни талаб қилади.

Афсуски, оиладаги бир бутунлик ҳамиша ҳам сақлаб қолинавермайди. Бу эр ва хотин ўртасидаги келишмовчиликлар сабаб юз бериши ҳаммага маълум. Булар натижасидан қанчадан-қанча норасида гўдакларнинг “тирик етим” бўлиб қолишлари, шу билан бирга, фарзанднинг моддий таъминоти учун иккинчи тарафдан алимент пули ундириш каби масалалар билан судга мурожаат қилиш ҳолатларининг кўпайиши ачинарли.

 Масалан, 1981 йилда туғилган судланувчи Ш.Ботиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам уч нафар вояга етмаган фарзандининг тақдирига масъулиятсизлик билан қаради. Оилавий низолар туфайли турмуш ўртоғи билан ажрашди.

Шу боис фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан Ш.Ботировдан уч нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадла­рининг иккидан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланди. Аммо Ш.Ботиров суднинг қарорига ҳам масъулиятсизлик билан қаради, фарзандларини моддий жиҳатдан таъминлашдан кўр-кўрона бош тортиб бир неча маротаба жавобгарликка тортилди. Буни қарангки, жазодан сўнг ҳам унинг сўқир кўзлари очилмади.

Охир-оқибат унинг алиментдан қарздорлиги 28 миллион сўмдан ошди. Шу боис унинг собиқ турмуш ўртоғи алиментдан қарздорликни ундириш ва Ш.Ботировга нисбатан тегишли жазо қўллашни сўраб, судга мурожаат қилди.

— Ишларим юришмагани сабабли алимент пулларини ўз вақтида тўлай олмадим, имконият берилса, алимент пулларини бўлиб-бўлиб тўлайман. Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман, — деди Ш.Ботиров суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлиб.

— Фарзандининг аҳволидан умуман хабар олмайди, — деди судда жабрланувчининг қонуний вакили. Доим қуруқ ваъдалар эшитаман, алимент пулларини ҳам тўламай алдаб юрибди…

            Албатта, ўз фарзандининг таъминотидан бўйин товлаган кимсанинг қилмиши ҳеч қачон оқибатсиз қолмайди. Чунки воя­га етмаган болаларнинг ҳуқуқи амалдаги қонунларда қатъий кафолатланган. Судланувчи Жиноят кодексининг 122-моддасида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топ­ди ва 1 йил 9 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Шунингдек, судланувчидан жабрланувчининг фойдасига 28.151.086 сўм алимент пули ундириш белгиланди.

Буни баён этишдан мақсад шуки, фарзандлар нафақат, моддий таъминотдан, балки ота тарбиясидан, меҳридан айрилиб қолмаслиги даркор. Инсон ҳақиқий бахтни фақат оилада топади. Айниқса, фарзандлар меҳри, уларнинг беғубор кулгуси ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Шу маънода фарзандига меҳр бериш, уни баркамол қилиб воя­га етказиш чинакам инсоний бурчдир. Бу инсоний бурчни унутиш ҳеч шубҳасиз, тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.

 

Жиноят ишлари бўйича

Ангор туман судининг девонхона мудири                           Б.Чоршанбиев

 

Изоҳ қолдириш

Хизматлар

  • Ҳозир сайтда
  • 23 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс