Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Ангор тумани ҳокимлиги
Бу йил Ўзбекистоннинг асосий қонуни, Конституцияси яратилганига 30 йил тўлди.

Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган санадан эътиборан дунё саҳнида янги, суверен давлат қарор топган бўлса, биринчи Конституциямиз қабул қилинган куни давлатимиз янгидан туғилди, ҳақиқий мустақиллигимизга мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор қўйилди.

Бу йил асосий Қонунимизнинг қабул қилинганлигига 30 йил тўлмоқда. Конституциямиз ҳар бир фуқаронинг онги ва қалбидан чуқур жой олган, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлайдиган ҳақиқий ҳаёт қомусига айланмоқда. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатда инсон қадри улуғланмоқда. Ислоҳотлар ҳам айнан инсон омилига қаратилганлиги ҳам буни яққол кўрсатиб турибди.

Конституциямиз шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда уларнинг кафолатларини аниқ-равшан белгилаб берди. Бош қомусимиз, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини эътироф этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди.

Унинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўз борганда, унда инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш мақсад қилингани, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари энг олий қадрият дея эътироф этилгани, жаҳон конституцияшунослик хазиналари бўлмиш - тенглик, адолат, мафкура ҳамда фикрлар хилма-хиллиги, ҳокимиятлар бўлиниши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларидан суд қарорисиз маҳрум этиб бўлмаслиги, айбсизлик презумпцияси каби нормаларнинг мустаҳкамланганлигини таъкидлаш зарур.

Асосий қонунимизда Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими - ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланган. Суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши каби муҳим норманинг мустаҳкамлаб қўйилиши, ўз навбатида суд ҳокимиятининг Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти тизимига мансублигини ҳамда унинг амалда мустақил ва эркин фаолият кўрсатишини кафолатлади. 

Мамлакатимизда одил судловни амалга ошириш борасида жиддий қадамлар ташланди. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири - инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, аввало, асоссиз жиноий таъқиб ва шахсий ҳаётга аралашишдан ҳимояланиш, шахсий дахлсизлик ҳуқуқлари ҳамда адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқлари самарали муҳофаза этилишини таъминлаш ҳисобланади. Зеро, ҳар бир демократик давлатда суд тизими инсон ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган механизмнинг асосини ташкил қилади.

2021 йил 9 февраль куни Конституциянинг 107-моддаси биринчи қисми суд тизими тузилмаси қайта таҳрир этилди, яъни Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича тумани, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судларидан иборат суд тизимига ўзгартирилди.

Ўтган йиллар давомида инсон манфаатларини муҳофаза қилишга қаратилган миллий қонунчилик тизими яратилгани ва изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилаётгани самараси бугун юртимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг муносиб ҳаёт кечиришида, аҳоли фаровонлиги ва жамиятимиз барқарорлиги мисолида кузатиш мумкин.

Мамлакат иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этишининг Конституцияда белгилаб қўйилиши ҳамда тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари яратилганлиги мулкдор бўлиш ҳуқуқини амалга оширишга ҳар томонлама шароит ва қулайликлар туғдирди. Айниқса, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан тенг муҳофаза этилиши кафолатланганлиги жамиятда тадбиркорлик руҳини қарор топтиришнинг муҳим омили сифатида намоён бўлмоқда.

Шуни таъкидлаш жоизки, давлатимиз ва юртимизнинг юзи, обрў-эътибори, ҳаётимиз мазмуни бўлган асосий қонунимиз-бизнинг Конституциямиз асрлар оша яшаверсин. Токи, ушбу қонституциявий қонунлар нафақат бизга, балки, келажак авлодларнинг ҳаётини фаровон этиш, давлатни чинакам қонуний асосда қуриш, фуқароларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, жамиятда қонун ва адолат устуворлигини ўрнатиш учун хизмат қилсин.

 

Жиноят ишлари бўйича

Ангор туман судининг раиси:                                                      С.Бўтаев

Изоҳ қолдириш

Хизматлар

  • Ҳозир сайтда
  • 26 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс