Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Ангор тумани ҳокимлиги
Аҳолини рўйхатга олиш қандай амалга оширилади?

Мазкур жараён уч босқични қамраб олади. Биринчиси – тайёргарлик босқичи. Бу уч йилга яқин вақт давом этади.

Тайёргарлик жараёнидаги энг муҳим масала, аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида фаол иштирок этиши бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, логотип ва шиорлар ишлаб чиқиш ҳамда аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ ҳужжатлар, жумладан, рўйхатга олиш варақалари, рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш методологиясини ишлаб чиқиш ҳамда бошқа шу каби тадбирлар амалга оширилади.

Иккинчиси – асосий босқич. Бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва рўйхатга олиш материаллари топширилади. Мазкур жараён тахминан икки ой давом этади.

Мамлакатимизда 2023 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбири анъанавий усулда, яъни рўйхатга олувчи шахслар томонидан ҳудудларда уйма-уй юрган ҳолда, юзма-юз суҳбат асосида, қоғоз шаклидаги рўйхатга олиш варақаларини тўлдириш орқали амалга оширилади.

Қарийб уч йил чўзиладиган сўнгги босқичда эса олинган маълумотлар кодлаштириш ёрдамида таҳлил этилиб, натижалар расман эълон қилинади. Рўйхатга олиш жараёнида тўпланадиган статистик маълумотлар ягона электрон ахборотлар тизимига киритилади.

Рўйхатга олувчиларни танлаш масаласи ҳам ниҳоятда долзарб. Чунки маълумотларнинг тўғрилигига улар бевосита масъул. Бу жараёнга жалб этиладиган ходимлар турли ёшда ва ҳар хил касб эгалари бўлиши мумкин. Шунга қарамай, тадбирга, биринчи навбатда, Давлат статистика қўмитаси ва унинг вилоят, шаҳар ва туман бўлимлари ходимлари, статистика йўналишида таҳсил олаётган талабалар, магистрлар, шунингдек, таянч докторантлар жалб этилиши мақсадга мувофиқ.

Аҳолини рўйхатга олувчилар учун услубий қўлланмалар ва видео дарсликлар ишлаб чиқилади ҳамда қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади. Зарур ҳолларда, уларга қўшимча маслаҳатлар берилади.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга ҳамда маълумотларни қайта ишлашга жалб этилган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш махсус ишлаб чиқилган ва тасдиқланган нормативлар асосида амалга оширилади. Жараённи давлат бюджети маблағлари ва қонун билан таъқиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштириш кўзда тутилган.

Амалдаги меъёрий ҳужжатларга биноан, якуний маълумотлар уч тилда (ўзбек, рус ва инглиз тилларида) эълон қилиниши белгиланган.
Чора-тадбирлар дастурига асосан 2025 йил 1 декабрига қадар аҳолини рўйхатга олиш натижалари расман чоп этилади ва эълон қилинади ҳамда аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки ва якуний маълумотлари архивда сақлаш учун тайёрланади.

 

Мамлакатимиз мукаммал кадастр харитасига эга бўлади

 

Аҳолини рўйхатга олиш яна бир жиҳати билан муҳим. Унинг якунига етказилиши ҳудудларни хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйлар рўйхатини тузиш имконини беради. Яна ҳам аниқроқ айтганда, турар ва нотурар жойларнинг аниқ сони, ҳолати, фойдаланилмай ётган ёки муддатини ўтаб бўлган биноларни белгилаб олиш билан тегишли ҳудудларда уй-жой, саноат объектларни қуриш ва таъмирлаш масалаларига ойдинлик киритиш мумкин бўлади. Бир сўз билан айтганда, республиканинг янги мукаммал кадастр харитаси яратилади.

 

Амалий ишлар қайси босқичда?

 

Мақсад аниқ, режалар қатъий. Амалий ишларга эса аллақачон киришилган. Хусусан, Президентимиз Фармони асосида Аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш Консепсияси тасдиқланди.

Мазкур Консепсия асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кенг муҳокама ва ҳуқуқий экспертизалардан сўнг 2020 йил 16 март куни қабул қилинди.

Қонун 5 боб, 31 моддадан иборат бўлиб, унда қонуннинг мақсади, асосий тушунчалар, аҳолини рўйхатга олишнинг вазифалари ва принциплари ёритиб берилган. Асосий принциплардан бири сифатида даврийлик принципи, яъни аҳолини рўйхатга олиш ўн йилда камида бир марта ўтказилиши ҳамда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисидаги қарор, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилиниши белгилаб қўйилган.

Яна бир муҳим принциплардан бири, бу шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги бўлиб, бунда аҳолини рўйхатга олиш жараёнида йиғилган шахсга доир маълумотлар махфий ҳисобланиши, улар респондентнинг розилигисиз ошкор этилмаслиги ва тарқатил-маслиги қатъий белгилаб қўйилган.

Қонунда респондент тушунчасига ҳам аниқлик киритиб кетилган, яъни респондентлар – аҳолини рўйхатга олиш санасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи, лекин аҳолини рўйхатга олиш санасида унинг ҳудудидан ташқарида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳам респондент ҳисобланиши ёритиб ўтилган.

Шунингдек, Қонунда, аҳолини рўйхатга олишни тартибга солиш соҳасида давлат бошқаруви, махсус ваколатли давлат органи, рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича Республика комиссияси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари, аҳолини рўйхатга олишда иштирок этувчи респондентлар ва рўйхатга олувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тартиби, тадбирларни молиявий таъминлаш асослари белгилаб берилган.

Айни пайтда Давлат статистика қўмитаси томонидан “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти, аҳолини рўйхатга олишнинг аҳамиятини тушунтириш бўйича ахборот-тарғибот ишлари ҳам изчил давом эттириляпти. Шунингдек, аҳолини рўйхатга олиш жараёни билан боғлиқ бўлган норматив-ҳуқуқий ва илмий-услубий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда.

 

Туман статистика бўлими бошлиғи   А.Худоёров

Изоҳ қолдириш

Хизматлар

  • Ҳозир сайтда
  • 22 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс