Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Ангор тумани ҳокимлиги
АХБОРОТ “АЙНИШ”И ҚАНДАЙ ТЎХТАТИЛАДИ?

АХБОРОТ “АЙНИШ”И ҚАНДАЙ ТЎХТАТИЛАДИ?

Бир манбада ўқигандим, худди тухум ва сутга ўхшаб, ахборотда ҳам айниш хусусияти бор. Фарқли жиҳати тухум билан сут туриб айниса, ахборот юриб айнийди. Бу дегани, ахборотнинг лойқаланиши ва онгни лойқалатишига инсон омилининг жуда катта рол ўйнашидир. Дарров илғагандирсиз, бугун эътиборингизга тадқиқотчилар таърифлаганидек, ХХI асрда юзлашаётганимиз энг катта ва қийин масалалардан бири – ахборотнинг бузилаётгани, сохталаштирилаётгани, бир сўз билан айтганда, “бузилган ахборот” ҳамда баъзи давлатларда “фейк” ахборотлар билан курашишда қандай чоралар кўрилаётганлиги хусусида ўз фикр-мулоҳазаларимизни  ҳавола этамиз.

"Wired" журналининг ҳамкор асосчиси Кевин Келли, “янгиликларни чиқаришдаги катта қийинчилик – бу ҳақиқатнинг янги шаклга киришидир”,-дейди, -“бугун ҳақиқат ҳукуматдагилар томонидан нутқ қилинаётгани йўқ, балки ўзимизнинг тенгдош, замондошлар томонидан тармоқлаштирилмоқда. Ҳар бир ахборот ёки фактга зид факт бор ва барча қарши фактлар кўпчиликни чалғитадиган даражада бир-бирига ўхшаш”. Ҳақиқатда, бугун ҳар бир жамиятда энг кўп кураш сохта ахборотларни аниқлаш ва улардан ҳимояланиш билан кечмоқда. Негаки бугун жамиятлараро “фикр оғуси” айнан ахборот орқали тарқатилишига кўп бора гувоҳ бўлиб турибмиз. Ҳозирда ҳатто баъзи мамлакатлар “сохта ахборотлар” билан курашишни қонун доирасида чеклаш даржасига ҳам улгурган. Танқидчилар эса бу каби қонун лойиҳалари ОАВ ва эркин фикр билдириш тамойилини хавф остига қўйиш дея огоҳлантирмоқда. Сингапурда чоп этиладиган инглиз тилидаги “The Straits Times” кунлик газетасининг 2018 йил 13 июлда чоп этган мақоласида айнан хориж мамлакатларида сохта хабарлар тарқалишининг олдини олиш бўйича қонун доирасида бир қатор лойиҳалар амалга оширилганлиги тўғрисида рўйхат тақдим этилган. Рўйхатдан жой олган мамлакатлардан бири - Германияда парламент 2017 йилда сохта хабарлар, террористик ҳаракатларга оид, болалар порнографияси, шахсга адоват каби бир қатор мавзуларнинг ижтимоий тармоқларда чиқарилишига қарши қонунни қабул қилган. Ушбу қонунга кўра, Фейсбук ва Твитер каби ижтимоий тармоқ платформалари мабодо шунақа мазмундаги хабар ёки муҳокамаларни тармоқ саҳифаларидан бекор қилмаса, 50 млн евро ($58млн)дан ошиқ жарима билан жазоланиши мумкин. Шунингдек, тармоқ раҳбариятининг ҳар бири 5 млн евродан жаримага тортилиши ҳам кўзда тутилган.

Францияда иккита кенг муҳокамаларга сабаб бўлган қонунлар қораламаси сайлов даврида “ахборот манипулятсияси”га қарши туришни мақсад қилган Француз парламентида муҳокама остида турибди. Француз Қонунчилиги номзодга ёки сиёсий партияга миллий сайловлардан уч ой олдин нотўғри деб топилган маълумотни нашр этишни дарҳол тўхтатиш учун судга мурожаат қилиш имконини беради. Гарчи  бу лойиҳа Франция Президенти Эммануел Макрон томонидан қўллаб-қувватланишига қарамай, мухолифат парламентлари томонидан сўз эркинлиги ва “фикрлаш политсияси”ни яратишга қаратилган ҳужум сифатида танқид қилинди.

Бразилия парламентида “сохта янгиликлар” билан боғлиқ камида 14 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилиш арафасида турибди. Қонун лойиҳаларидан бири аллақачон юқори палатага бориб, Интернетда “соғлиқни сақлаш, хавфсизлик, миллий иқтисодиёт, сайлов жараёни ёки бошқа барча манфаатдор шахслар билан боғлиқ” нотўғри маълумотни тарқатиш учун уч йилгача қамоқ жазосини назарда тутган. Яна бир жиҳат, Бразилиянинг 35 та сиёсий партияларидан 10 таси июн ойида “нотўғри маълумотни тарқатиш”га қарши курашиш учун сайлов органи билан шартнома имзолади.

Малайзия парламенти 2018 йил апрел ойида тарғибот ишларини олиб борганликда жазо чораси ёхуд сохта хабарларни тарқатганликка нисбатан  олти йилдан ошиқ қамоқ жазоси ҳамда РМ500,00 жаримага тортилиш акс этган қонунни қабул қилган. Бироқ ушбу қонун сиёсий мухолифат ва инсон ҳуқуқлари гуруҳлари томонидан тобора авторитар ҳукуматнинг танқидларга сукут қилишга уриниши сифатида баҳоланди. Мухолифат май ойида бўлиб отган сайловларда ғалаба қозонди ва танқидчилар орасида бўлган янги Бош вазир Маҳатҳир Моҳамад қонунни қайта кўриб чиқишни, аммо бекор қилинмаслигини айтиб ўтган. Намойишлардан сўнг эса Маҳатҳир парламент июл ойида қайта учрашганда қонунни бекор қилишни айтди.

Кенияда Президент Уҳуру Кениата май ойида онлайн зўравонликларни жиноят деб ҳисоблайдиган кибер-жиноятлар тўғрисидаги, шунингдек, “сохта янгиликлар”нинг тарқалишини тўхтатишга қаратилган қонунни имзолади. Қонун бўйича 50 000 АҚШ доллари миқдорида ёки икки йилга озодликдан маҳрум этиш ёки ҳар иккиси билан жазолаш назарда тутилган. Танқидчилар бу матбуот эркинлигини бўғиб қўйиши ва ҳукуматга журналистларнинг ўзлари ёқтирмаган маълумотларни нашр этишни тақиқлашига ёрдам бериши мумкинлигини таъкидламоқда.

Дарҳақиқат, интернет ихтироси ҳаётимизга қанчалик енгиллик ва яқинлик киритиб боргани сайин, секин-аста ўзининг домига ҳам тортиб бормоқда. Дастлаб, сизга янги ҳаётни таклиф қилиб, сизнинг қарашларингизни қўллаб-қувватловчи сифатида кўринади. Фикрларингизга ҳамоҳанг фикрли инсонларни яқинлаштиришга хизмат қилади. Сўнгра ана шу фикрларингизни бошқаларга чуқурроқ ўтказишингиз ва кучлироқ таъсир эттиришингиз учун ўзингизни ҳақиқий “яратувчи”га айланишингиз таклифини беради. Ҳаммаси шундан бошланади-қўяди! Бир кунда дунё саҳнасида ҳам ҚАҲРАМОН, ҳам ҚУРБОН ролида ўйнаётганингизни пайқамай қоласиз. Ҳақиқий актёрлардек, ролга киришиб кетганингиз туфайли фойда ва зарарлар билан ҳисоблашмай қўясиз. Тарқатаётган хабарларингиз қанчалик тўғри ёки ёлғон эканлиги сиз учун муҳиммас. Муҳими аудиториянгиз ҳажми қисқармаслиги ва уни тутиб туриш. Ва айнан мана шу сизнинг мағлубиятингиз эканлигини англаганингизда, сизнинг поездингиз аллақачон кетиб бўлади. Англайсизки, бугун ҳеч ким сизни қурол билан жангда мағлуб этмади. Бугун сизни мағлуб этган куч  - бу ЎЗИНГИЗ! Ҳа, айнан ЎЗИНГИЗ!

Машҳура КАРИМОВА

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий

коммуникациялар университети 1- босқич магистри.

 

Изоҳ қолдириш

Хизматлар

  • Ҳозир сайтда
  • 15 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс