Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Ангор тумани ҳокимлиги
ҒОЛИБ СПОРТЧИЛАР – БИЗНИНГ ФАХРИМИЗ!

Бугунги кунда Ангор туманидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг ёш спортчилари ҳам мусобақаларда муносиб иштирок этиб, чемпион деган номга сазовор бўлишмоқда. Бу албатта, спортчиларга берилаётган эътиборнинг натижаси. Ана шундай ёшлардан бири ангорлик Иброҳим Жовлиев. У 2010-йилда туманнинг Наврўз маҳалласида туғилган.
Иброҳим болалигидан чаққон, эпчил бўлганлиги учун ота-онаси 6 ёшлигидан 1-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 1-синфига ўқишга қўйишган. Ҳозирги кунда мактабнинг 9-синф ўқувчиси. Мактабга илк қадам қўйган вақтлари Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг миллий кураш ҳамда дзюдо тўгаракларига ҳам қатнай бошлайди.
Мураббийсининг кўмаги ва ўзининг меҳнати сабаб туман, вилоят, республика, халқаро спорт мусобақаларида иштирок этиб, бирин-кетин муваффақиятларга эраша бошлайди.
Ҳозирги кунда 3 карра миллий кураш ҳамда 2 карра дзюдо бўйича Ўзбекистон чемпиониман. Ҳар бир мусобақада майдонга чиқишимдан олдин мурабийим Ниёз Чориев "Аввало ўзинг ғолиб бўлишингга ишон, шундагина устунликка эришасан", деган гаплари ёдимга тушади ва бу менга куч беради, -дейди Иброҳим Жовлиев.
Азму шижоатли, ватанпарвар ёш спортчи халқаро мусобақаларда ҳам Ўзбекистон шаънини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. 2023-йилда Самарқанд шаҳрида миллий кураш ҳамда юзюдо бўйича ўтказилган халқаро мусобақаларда биринчи ўринни эгаллаган. Бундан ташқари, бир нечта давлатларда ҳам биринчиликни қўлга киритган.
Ҳар бир инсон фарзандининг эришган ютуқларидан осмонларга парвоз қилади. Мен ҳам ўғлим Иброҳимнинг қўлга киритган ютуқларидан фахрланаман. Оиламиз билан уни доим қўллаб-қувватлаймиз. Спорт билан шуғулланиб бошлаганига 9 йил бўлган бўлса, бирон маротаба спорт билан шуғулланишни ташлаш нияти борлигини айтмаган. Хорижий давлатларда хусусан, Россия, Миср, Қатар, Баҳрайн каби давлатларда спорт мусобақаларида ҳамда ўқув йиғинларида иштирок этган. Спортда чиниққани учунми олисда бўлса-да, соғинганлигини сездирмасликка ҳаракат қилади. Шунда ўзим хулоса қиламан спорт фарзандимнинг ҳар томонлама камол топишига хизмат қилмоқда,-дейди спортчининг отаси Дилмурод Сатторов.
Дарҳақиқат, ота-она учун фарзандининг ютуқлари қанот бағишлайди. Жорий йилнинг 25-июн – 7-июл кунлари Россия Федерациясининг Якутск шаҳрида ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган мусобақада биринчи ўринни эгаллаган Иброҳим яна бир бор ота-онаси ва яқинларига қувонч ҳадя этди. Ушбу мусобақада Иброҳим 42 кг вазн тоифасида иштирок этиб, олтин медални қўлга киритди.
Маълумки, бугунги кунда ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилмоқда. Ўз навбатида, мард ва жасур спортчиларимиз ҳам бундай юксак ишончни оқлаб, халқимизга ёрқин ғалабаларни тортиқ этмоқдалар. Иброҳим Жовлиев каби спортчиларимиз жаҳондаги энг нуфузли мусобақаларда Янги Ўзбекистонимиз байроғини янада баланд кўтаришига ишонамиз.

Гавҳар Жумаева

журналист

Изоҳ қолдириш

Хизматлар

  • Ҳозир сайтда
  • 17 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс