Ҳаётда ҳар бир нарсанинг тартиб-қоидаси бор. Ҳамма бирдек амал қилиши керак бўлган қонунларни бузиш, ноқонуний даромад топишга уриниш жиноят ҳисобланади.
Гуруч курмаксиз бўлмайди деган халқимизда бир нақл бор, ҳозирги қаҳрамонимиз Илхом Бўриев (исм фамилиялар ўзгартирилган) шундайлардандир.
У муқаддам турли хил жиноятларни содир қилиб тўққиз маротаба судланган бўлса-да ўзига тегишли хулоса чиқармасдан навбатдаги жиноятни фирибгарлик йўлидан фойдаланиб содир қилган.
Ангор туманида яшовчи И.Бўриев тузалиш йўлига ўтмасдан, турмуш ўртоғи Жонпулатова Гулнора (исм фамилялар ўзгартирилган) билан жиноий тил бириктириб, 2024 йил 10 февраль куни Термиз туманида яшовчи Аманова Норхолни (исм фамилялар ўзгартирилган) алдаб, уни гўёки қисқа фурсатларда Термиз шаҳридаги тиббиёт бирлашмасининг бирига ишга киритиб қўйишини ваъда қилиб, унга ўзининг танишлари борлигини айтиб, уни ишонтириб, бунинг эвазига ундан 600 АҚШ доллари миқдордаги пулларни фирибгарлик йўли билан талаб қилиб, турмуш ўртоғи Г.Жонпулатова иккиси Н.Аманова билан шу куни Ангор туман марказий шифохонасининг олдида учрашиб, Н.Амановадан 5.000.000 сўм миқдордаги пулларни олаётган вақтида ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
И.Бўриев ва унинг турмуш ўртоғи Г.Жонпулатовлар бу ҳаракатларини ҳеч ким билмайди деб ўйласа-да, бу жиноятлари узоққа чўзилмади, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган эди.
Суд залида судланувчилардан фирибгарлик жиноятини такроран содир этиш сабаблари сўралганида улар ер чизишдан нарига ўтолмади. Фақатгина қилмишларидан пушаймонда эканини қайта-қайта такрорлашдан ўзга чораси қолмади.
Жиноят ишлари бўйича Ангор тумани суди И.Бўриев ва унинг турмуш ўртоғи Г.Жонпулатовларга нисбатан тегишли жазо чораси тайинлади. Бироқ, эллик ёшдан ошган И.Бўриев бу жазодан тўғри хулоса чиқарадими? Белгиланган жазо муддатини ўтаб бўлгач, у яна эски қилиқларини бошлаб юбормайдими? Буни олий ҳакам вақт кўрсатади.
Ҳа, жамиятимизда ҳеч қандай жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Шунинг учун бебаҳо умрни эзгу ишларга бағишлаб, ҳаётда ўзидан яхши ном қолдиришга не етсин?!
Жиноят ишлари бўйича
Ангор туман судининг раиси
С.Бўтаев
© Ангор тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024