«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги Қонун имзоланди
Қонун давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан татбиқ этилади.
Қонун(ЎРҚ-931-сон, 05.06.2024 й.)да давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими, манфаатлар тўқнашуви, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича махсус бўлинма, шахсий манфаатдорлик, яқин қариндошлар каби асосий тушунчалар киритилди.
Қуйидаги шахслар давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига алоқадор шахслар деб эътироф этилади:
— давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг яқин қариндошлари;
— давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ва (ёки) унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахснинг устав фонди (устав капитали) акцияларига ёки улушларига эгалик қилса, ўша юридик шахс;
— давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёхуд унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахсда бошқарув органининг раҳбари ёки аъзоси бўлса, ўша юридик шахс.
Қонунга кўра, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органидир.
Давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими томонидан қонун талабларига риоя этилиши устидан назорат ушбу давлат органида ёки бошқа ташкилотда тузилган одоб-ахлоқ комиссияси томонидан амалга оширилади.
Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими томонидан мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабарнома ҳамда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисида декларация тақдим этиш орқали амалга оширилади.
Эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларацияда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:
— давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг лавозими ҳамда унинг фамилияси, исми, отасининг исми, шунингдек унинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;
— давлат органи ёки бошқа ташкилот ходими яқин қариндошларининг фамилияси, исми ва отасининг исми, уларнинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (мавжуд бўлган тақдирда), шунингдек иш жойи ва лавозими;
— давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёки унинг яқин қариндошлари акциядор бўлган акциядорлик жамиятининг расмий номи ва унинг солиқ тўловчининг идентификация рақами;
— давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг яқин қариндоши муассис (иштирокчи), бошқарув органи аъзоси бўлган юридик шахснинг расмий номи, шунингдек унинг солиқ тўловчининг идентификация рақами.
Қонунга мувофиқ, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш ва аниқлашда иштирок этадиган ходимларга ишониб топширилган ёхуд уларга касбий, хизмат ёки меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан маълум бўлиб қолган шахсларнинг шахсга доир маълумотларини ошкор этишга йўл қўйилмайди.
Давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг одоб-ахлоқ комиссияси мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувлари тўғрисида ҳар ярим йилда хулоса қабул қилади ҳамда уларни тартибга солиш бўйича кўрилган чораларнинг етарлилигини (тўғрилигини) кўриб чиқади.
Давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг одоб-ахлоқ комиссияси аниқланган манфаатлар тўқнашуви ҳолларини махсус бўлинма билан биргаликда таҳлил қилади ва давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимлари ўртасида тушунтириш ишларини олиб боради.
Манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ҳолда қабул қилинган қарорлар ёки тузилган битимлар суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилади.
Қонунга кўра, давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими қуйидаги ҳолларда мавжуд манфаатлар тўқнашуви ўзига маълум бўлиб қолган пайтдан эътиборан 1 иш куни ичида мавжуд манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги белгиланган шаклдаги хабарномани тўлдириши ва ўзининг бевосита раҳбарига (ташкилот раҳбарига – юқори турувчи раҳбарга) ёки махсус бўлинмага тақдим этиши шарт, агар:
— яқин қариндошлари бевосита ходимнинг бўйсунувидаги ишга қабул қилинган бўлса (давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг сиёсий гуруҳига кирувчи лавозимга ишга қабул қилинган ҳоллар бундан мустасно) ёки ходимнинг ишига фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида ўзига алоқадор шахслар жалб этилган бўлса;
— у ўзига алоқадор шахсларга тааллуқли масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда иштирок этаётган бўлса;
— яқин қариндоши текширув ўтказилаётган объектда (юридик шахсда) текширув йўналиши бўйича масъул мансабдор шахс сифатида ишлаётган бўлса ёки мазкур текширув объекти (юридик шахс) унга алоқадор шахс бўлса;
— бошқа ҳар қандай мавжуд манфаатлар тўқнашуви ўзига маълум бўлиб қолса.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.
Т.Бекпўлатов
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси