Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш ишларини 2025—2026 йилларда амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда расмий статистика соқасида ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тизим фаолиятини трансформация қилиш бўйича президент қарори билан тасдиқланган “йўл харитаси”да белгиланган.
Унга кўра, Статистика агентлиги 2024 йилда Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга тайёргарлик кўриш ишларини тизимли давом эттиради. Хусусан, аҳолини рўйхатга олишни аҳолининг кенг оммасига тушунтириш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларида фойдаланиш учун видеоролик, баннер, флаер ва буклетлар тайёрлайди. 2021 йилда ўтказилган синов натижалари ва халқаро экспертлар тавсиялари асосида аҳолини рўйхатга олиш саволномалари шаклларини такомиллаштиради.
Агентлик, шунингдек, халқаро тажриба ва экспертларнинг тавсиялари асосида “Аҳолини рўйхатга олиш” ахборот тизимини такомиллаштиради. SТАТА амалий дастурий пакети лицензиясини харид қилиб, унда рўйхатга олиш натижаларининг чиқувчи жадваллари намуналарини шакллантириши лозим.
Аҳолини рўйхатга олишнинг ўзи 2025—2026 йилларда ўтказилиши, натижалари 2026—2027 йилларда тайёрланиши ва эълон қилиниши режалаштирилган.
Бундан ташқари, агентлик қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказишни ташкил этиши белгиланган. 2027—2028 йилларда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш ишларини амалга ошириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш режалаштирилган.
Президентнинг 2019 йил 5 февралдаги фармонига мувофиқ, республикада аҳолини рўйхатга олиш тадбирини 2022 йилда ўтказиш белгиланган эди. 2020 йил 16 мартда “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. 2020 йилда бошланган коронавирус пандемияси сабабли ушбу тадбирни ўтказиш 2023 йилга кўчирилганди. Аммо 2023 йилда ҳам Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш яна кечиктирилди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда мустақиллик йилларида мамлакатда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаганини айтганди.
Ангор тумани Статистика булими ходими С. Кулматов
© Ангор тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024