Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Ангор тумани ҳокимлиги
Ижарачининг ижара ҳуқуқлари тикланди

 

Энг аввало, ижарачи ижарадаги фуқарони бирданига, томдан тараша тушгандек уйдан ҳайдаб чиқара олмайди. Чунки ўртада қонун ва ижара шартномаси деган тушунчалар мавжуд. Ижара шартномаси бекор бўлмасдан туриб, ижарада турган фуқаро уй-жойни тарк этмасликка ва яшашда давом этишга ҳақлидир. Ўз навбатида ижара шартномасида шартлашилганидек ижарада турувчи фуқаро зиммасига олган мажбуриятларни тўлақонли адо этиши, жумладан ижара пуллари ва коммунал тўловларни ўз ватида тўлаб бориши лозим.
Даъвогар И.А жавобгар Д.Дга нисбатан “Моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақида”ги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг 2023 йил 11 декабрь кунидаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогарнинг даъво талаби қисман қаноатлантирилган.
Унга кўра, жавобгар Д.Д ҳисобидан даъвогар И.А фойдасига 1.490.304 сўм коммунал тўловлари, 2.147.548 сўм суд харажатлари жами 3.637.852 сўм ундирилиши белгиланган.
Суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан даъвогар И.А томонидан берилган кассация шикоятида биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни тўлиқ аниқламасдан, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини бузган ҳолда ишни кўриб чиққанлигини билдириб, суднинг ҳал қилув қарорини ўзгартириш сўралган.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар И.А ва жавобгар Д.Длар ўртасида даъвогарга тегишли бўлган Тошкент шаҳар Юнусобод туманида жойлашган хонадонни ижарага бериш ҳақида 08.07.2022 йилда туман Давлат солиқ инспекцияси томонидан электрон тарзда қайд этилган ижара шартномаси тузилган.
Мазкур шартномага кўра бир ойлик ижара ҳақи 1.500.000 сўм ва ижара шартномасининг амал қилиш муддати 08.07.2022 йилдан 07.07.2025 йилга қадар этиб белгиланган.
Бироқ, ушбу шартнома 16.06.2023 йилда бекор қилинган.
Жавобгар томонидан мазкур ижара шартноманинг шартлари бузилганлиги, шунингдек, судга қадар кўрилган чоралар ҳам натижа бермаганлиги сабабли даъвогар мазкур даъво талаби билан судга мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Биринчи инстанция суди мазкур даъво бўйича даъвогарнинг фойдасига жавобгар ҳисобидан коммунал тўловлар ва суд харажатлари ундириш ҳақида тўғри тўхтамга келган бўлсада, бироқ, суднинг ҳал қилув қарорида ундирилиши лозим бўлган коммунал тўловлар ҳамда суд харажатларининг миқдорини белгилашда хатоликка йўл қўйган, даъво талабининг ижара учун тўловларни ҳамда маънавий зарар ундириш қисми муҳокама қилинмасдан, суднинг эътиборидан четда қолиб кетган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 164-моддасига кўра, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, ўзининг мулк ҳуқуқини ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.
Судлов ҳайъати томонидан сўралган жавобгар Д.Д Тошкент шаҳар Юнусобод туманида жойлашган хонадондан фойдаланганлик учун ижара ҳамда коммунал тўловлари учун пулни даъвогарнинг онаси ва опасига мунтазам равишда ойма-ой бериб келганлигини, бироқ ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжати мавжуд эмаслигини билдирган.
Судлов ҳайъати қайд қилинган қонун талабларидан ва иш ҳолатларидан келиб чиқиб, жавобгар томонидан ижара шартномасида белгиланган ижара ҳамда коммунал тўловлар тўланмаганлигини, жавобгар томонидан кассация инстанцияси судида келтирган важлари далилларнинг мажмуи етарлилик нуқтаи назаридан тасдиқловчи ҳужжатлари билан тасдиқланмаганлиги ва даъвогарнинг даъво талабини тўлиқ рад этиш учун етарли эмас деб баҳолади ва биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартиришни, жавобгар Д.Д ҳисобидан даъвогар И.А фойдасига 16.950.000 сўм ижара ҳақи тўлови, 1.346.877 сўм коммунал тўловларини ундиришни лозим деб ҳисоблаган.
Зеро, ижарада турувчининг ҳуқуқлари каби ижарага қўювчининг ҳам ўз ҳуқуқлари борлигини ва унинг ҳуқуқлари қонун билан кафолатланганлигини эътибордан четда қолдирмаслик даркор.

Сурхондарё вилоят суди судьяси Д.У.Алмуратова

Изоҳ қолдириш

Хизматлар

  • Ҳозир сайтда
  • 30 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс