Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Ангор тумани ҳокимлиги
Жорий йилнинг дастлабки ойида 492 нафар ангорликлар ўзини ўзи банд қилди.

    Иқтисодий барқарорликка эришиш йўлидаги энг муҳим устувор вазифалардан бири, шубҳасиз, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга тенг рақобат муҳитини яратишдир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 30-декабрдаги “Республика ҳудудларини тоифаларга ажратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг табақалаштирилган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари” тўғрисидаги фармонига мувофиқ 2023-йил 1-январдан Республиканинг 208 та туман ва шаҳарлари ихтисослашуви ҳамда кичик бизнес учун мавжуд шароитдан келиб чиқиб 5 та тоифага ажратилди, ва уларга қуйидаги солиқ имтиёзлари берилди.

    2023-йил 1-январдан 2026-йил 1-январга қадар:

- 5-тоифадаги туманларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган тадбиркорлик субектлари:

фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ (АОС) ва ижтимоий солиқни 1% (ЯТТлар ЖШОДСнинг қатъий белгиланган суммаларини тўлашдан озод қилинади);

юридик шахслар мол-мулк ва ер солиғини мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган суммани 1 фоизи миқдорида тўлайди;

- 4-тоифадаги туманларда рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган тадбиркорлик субектлари учун АОСнинг базавий солиқ ставкаси 3% этиб белгиланди.

    Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи КенГЭСи ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига:

- 4-тоифадаги туманлар бўйича юридик шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиғига Солиқ кодекси билан белгиланган энг кам қийматларга 0,3 гача;

-ЯТТлар учун қатъий белгиланган миқдордаги ЖШОДС бўйича 0,5 гача камайтирувчи коеффитсиент киритиш ҳуқуқи берилди.

        Солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартишларга кўра 2023-йил 1-январдан ҚҚС ставкаси 15% дан 12% га туширилди. 4% дан 25% гача бўлган АОСнинг ягона 4% лик ставкаси ўрнатилди. Бунда айрим солиқ тўловчилар учун 1-3% лик ставкалар сақлаб қолинди.

    Шунингдек, 2023-йил 1-январдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқни қатъий белгиланган суммада тўлаш тартиби жорий этилди.

  Бунда солиқ тўловчиларга жами даромади 500 млн сўмдан ошмаганда йилига 20 млн сўмлик, жами даромад 500 млн сўмдан ошганда эса йилига 30 млн сўмлик қатъий белгиланган суммада солиқ тўлашни танлаш ҳуқуқи берилди. Аҳамиятли жиҳати, қатъий белгиланган суммадаги солиқнинг солиқ тўловчисидан дивидендлар тарзидаги олинган даромадларига солиқ солинмайди. Шунингдек, қатъий белгиланган суммадаги солиқнинг солиқ тўловчиси мазкур солиқ бўйича ва дивидендлари тарзидаги даромадларга тааллуқли қисм бўйича солиқ ҳисоботларини тақдим этиш мажбуриятидан озод қилинади. Маълумот учун, жорий йилнинг дастлабки ойида туманимиздаги 133 нафар АОС тўловчилар қатъий белгиланган суммадаги солиқни тўлашга ўтдилар.

    Таъкидлаш жоизки, норасмий бандлик улушини қисқартиришда ўзини ўзи банд қилиш муҳим ўрин тутмоқда. Бугунги кунда туманимизда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар 5211 нафар бўлиб, 2023-йилнинг январ ойида 492 нафар тумандошларимиз ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида давлат рўйхатидан ўтди.

    Ўтган январ ойида “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида туманимизда фаолият юритаётган тадбиркорларнинг ҳузурига борган ҳолда 177  та муаммолари ўрганилиб, ушбу муаммоларнинг 112 таси солиқ органлари ходимлари кўмагида ҳал этилди ва 57 та масала юзасидан тушунтиришлар берилди. Жумладан 16 нафар тадбиркорларга дастлабки бухгалтериясини юритишда кўмаклашилиб, 49 нафар тадбиркорларга “Э-имтиёз”, “Э-ижара” ҳамда “Э-актив” автоматлаштирилган ахборот тизимларидан фойдаланиш тартиблари тушунтирилди.

    Жорий йилнинг дастлабки ойида “Э-имтиёз” дастури асосида туманимиздаги 33 та корхонага ер солиғидан 134,9 млн сўм, 24 та корхонага мол-мулк солиғидан 78,1 млн сўм миқдорида солиқ имтиёзлари қўлланилди.

    “Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетишининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш учун тадбиркорлик субектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорининг қабул қилиниши тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.

    Қарорга кўра:

- тадбиркорларнинг 2023-йил 1-январга нисбатан 1-феврал ҳолатига ошган (ҳосил бўлган) солиқ қарзини 2023-йил 1-мартдан 1-июлгача фоизларсиз, қўшимча шартлар қўймасдан ва таъминот талаб этмасдан тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади;

- тадбиркорларнинг солиқ қарзига пеня ҳисоблаш 2023-йил 1-апрелгача тўхтатилади.

- ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субектларга 2023-йил 1-апрелгача жарималар қўлланилмайди.

    Шунингдек, тадбиркорлар 2022-йил декабр ва 2023-йил январ-феврал ойларида давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини 2023-йил 1-мартдан 1-июлгача тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаши мумкин.

 

Ориф Муратов,

Ангор тумани солиқ инспексияси бошлиғи

Изоҳ қолдириш

Хизматлар

  • Ҳозир сайтда
  • 26 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс