Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Ангор тумани ҳокимлиги
Аҳолини рўйхатга олиш қачондан ўтказила бошланган?

Аҳолини дастлабки рўйхатга олиш қадимги Гретсия, Вавилон, Месопотамия, Рим, Хитой, Япония ва Мисрда ўтказилган. Лекин, бу аҳоли рўйхатларининг мақсади аҳолидан солиқ йиғиш, яъни бож олиш ҳамда ҳарбий мақсад учун аҳоли сонини аниқлаш бўлган. Шунинг учун ҳам, бу аҳоли рўйхатларида асосан эркаклар рўйхатга олинган. Чунки, у пайтларда эркакларнинг иқтисодий ўрни юқори бўлган, солиқ тўлашда фақат эркаклар, яъни оила бошлиқлари қатнашган.

Аҳолини энг биринчи расмий рўйхатга олиш 1790 йилда АҚШда, кейинчалик 1800 йилда Шветсия ва Финляндияда, 1801 йилда – Англия, Дания, Норвегия ва Францияда ўтказилган. Аммо, бу аҳоли рўйхатлари жуда оддий шаклда ҳамда узоқ муддатга чўзилган. Масалан, биринчи АҚШда аҳолини рўйхатга олиш ишлари 18 ой давомида олиб борилган.

ХИХ асрга келиб, аҳолини рўйхатга олиш жуда кенгайди. Қатор Европа мамлакатларида статистика ташкилотлари тузилди. Аҳолини рўйхатга олиш илмий дастурлар асосида олиб борилиши йўлга қўйилди. Хусусан, 1870-1879 йилларда дунёнинг 48 та, 1890 йилларда эса 57 та давлатида аҳоли рўйхати ўтказилган. ХИХ аср охирида дунё аҳолисининг 21 фоизи рўйхатга олинган бўлса, ХХ аср бошида 54 фоиз аҳоли рўйхатдан ўтказилган.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин, аҳолини рўйхатга олиш тизими янада такомиллаштирилди. 1945-1954 йилларда – 151 та давлатда, 1965-1974 йилларда – 179 та давлатда аҳоли рўйхати ўтказилган. Ҳозирги пайтда, дунёдаги деярли барча давлатларда аҳолини рўйхатга олиш ишлари олиб борилмоқда.

Республикамизда демографик жараёнларнинг ҳолатини ўрганишда мамлакат ҳудудида ўтказилган аҳоли рўйхати маълумотлари муҳим аҳамият касб этади. Манбаларда келтирилишича, Ўзбекистон ҳудудида дастлабки аҳоли рўйхати 1897 йилда ўтказилган бўлиб, ушбу рўйхат маълумотлари ХИХ аср охирида Ўзбекистонда мавжуд оилалар сони, аҳоли сони, ёши ва жинси, этник таркиби, туғилиш, ўлим каби демографик жараёнлар ҳақида тассаввур ҳосил қилишга ёрдам берган. Ўзбекистон ҳудудида кейинчалик 1926, 1939, 1959, 1970, 1979 ва 1989 йилларда аҳолини рўйхатга олиш ишлари ташкил этилган.

Халқаро тавсияларга кўра, аҳолини рўйхатга олиш қуйидаги муҳим тамойилларга асосланади:

  1. Марказлаштириш.Аҳолини рўйхатга олишни бошқаришнинг қатъий марказлаштирилиши ушбу тадбирни муваффақиятли ўтказишнинг асосий шартларидан биридир.
  2. Аҳолини рўйхатга олишнинг мунтазамлиги.БМТ тавсияларига кўра, аҳолини рўйхатга олиш 10 йилда камида бир маротаба ўтказилиши белгиланган.
  3. Аҳолини рўйхатга олиш махсус тайёрланган мутахассислар – ҳисобчилар томонидан ўтказилиши.Мазкур тадбирни амалга ошириш учун кўп миқдорда махсус ходимлар ёлланади, уларнинг таркибига зиёлилар, талабалар ҳам киритилиши мумкин.
  4. Аҳолини рўйхатга олишни аниқ бир муддатда ўтказиш.Бу тадбирни амалга оширишга одатда 10–12 кун талаб этилади. Аҳолини рўйхатга олиш бир неча кун давомида ўтказилса ҳам, маълумотлар аниқ бир вақтда – кўпинча аҳолини рўйхатга олишнинг биринчи кунининг 0 соатдаги ҳолати бўйича қайд этилади. Бу аҳолини рўйхатга олишнинг нозик вақти, деб ҳам аталади.

Масалан, чақалоқ аҳолини рўйхатга олиш даврида, аммо ана шу аниқ муддатдан кейин туғилган бўлса, у аҳоли рўйхатига киритилмайди. Лекин, кимдир бу аниқ нозик муддатда ҳаёт бўлиб, шундан кейин, яъни аҳолини рўйхатга олиш даврида вафот этса, у аҳоли рўйхатига киритилади.

  1. Аҳолини рўйхатга олишнинг белгилаб қўйилган аниқ дастурининг мавжудлиги ва тадбирни унга қатъий риоя қилган ҳолда ўтказиш.Аҳолини рўйхатга олиш дастури – рўйхатга олишда муайян талабларни ҳисобга олган ҳолда, аҳолига мурожаат қилинадиган саволлар рўйхатини, маълумотларни қайд этиш, тўплаш, қайта ишлаш, якуний маълумотларни эълон қилиш тартибларини ўз ичига олади.
  2. Аҳолининг тўлиқ қамраб олиниши.Аҳолини рўйхатга олишда кимдир унутиб қолдирилиши ёки икки марта рўйхатга олиниши ҳоллари учраса ҳам, мавжуд аҳолининг рўйхатдан жой олинишини таъминлаш асосий вазифа ҳисобланади.
  3. Маълумотларнинг махфийлиги ва шахсийлаштирилиши.Аҳолини рўйхатга олишда индивидуал асосда ҳар бир шахс тўғрисидаги якка маълумотлар тўпланади. Шу билан бирга, респондентлардан олинган маълумотларнинг номсизлиги кафолатланади. Аҳолини рўйхатга олиш варақасидан фақат натижаларни умумлаштириш учун фойдаланилади.
  4. Ихтиёрийлик.Шахс тўғрисидаги маълумотлар сўралаётган (респондент)нинг жавоблари (кичик ёшдагилар учун – ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босадиган шахсларнинг) асосида қайд қилинади ва буни ҳужжат билан тасдиқлаш талаб этилмайди.

Кўпгина мамлакатларда аҳолини рўйхатга олиш қонун билан тартибга солиниши мустаҳкамлаб қўйилган.

Масалан, Буюк Британияда 1920 йилда Қўшма Қиролликда аҳолини рўйхатга олиш қонуни қабул қилинган. Мазкур қонунда аҳолини рўйхатга олишнинг барча қоидалари, фуқаролар, уй хўжаликлари, корхоналар ва муассасаларнинг қайси тоифалари рўйхатга олиниши, аҳолини рўйхатга олишни ким ўтказиши, сўров варақалари қандай бўлиши кераклиги белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, аҳолини рўйхатга оладиган ҳисобчиларни ёллаш қоидалари, уларнинг хизмат вазифалари ҳамда аҳолини рўйхатга олиш қоидалари кўрсатилган.

Буюк Британияда ҳар галги аҳолини рўйхатга олишдан тахминан бир йил аввал бунга доир алоҳида қонун ҳужжати қабул қилинади (бунда албатта 1920 йилги қонун ҳужжатига ҳавола қилинади). Бу қонунда аҳолини рўйхатга олиш услубига аниқлик киритилади, аҳолини рўйхатга олиш муддати ва бунинг учун ажратиладиган маблағ миқдори белгиланади. Буюк Британияда аҳолини рўйхатга олиш ҳар ўн йилда, одатда, апрел ойида ўтказилади. Бу сананинг танланиши мамлакатда аҳоли ўртасида оммавий тадбирларнинг ўтказилиши учун об-ҳаво қулай бўлиши билан изоҳланади.

Мамлакатда аҳолини рўйхатга олишга жалб қилинадиган ижтимоий ходимларга қатъий талаблар қўйилади. Улар махсус курсларда тайёргарликдан ўтишлари шарт. Бу ходимлар рўйхатга олиш бошланишидан уч кун аввал ўз ҳудудларидаги аҳолини сўров варақасини тўлдириш билан таништириб чиқишлари талаб қилинади.

АҚШда 1790 йилдан буён, ҳар 10 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказиб келинади. Аҳолини рўйхатга олиш мамлакатнинг кўп асрлик қонунчилик асосига таянади.

ХВИИИ асрда қабул қилинган АҚШ Конституциясининг 1-моддасида “Вакиллар палатасидаги жойлар ва тўғридан-тўғри солиқлар Иттифоққа кирувчи штатлар бўйича уларнинг аҳолиси сони асосида тақсимланади... Аҳолининг амалдаги сони Қўшма Штатлар Конгресси биринчи мажлисидан кейин уч йил мобайнида, кейин ҳар ўн йилда мунтазам ҳисоблаб чиқилади”, деб қайд этилган.

Анъанага кўра, АҚШда аҳолини рўйхатга олишга муҳим умумдавлат аҳамиятига эга тадбир сифатида қаралади, унда барча аҳолининг иштирок этиши Америка демократияси амал этишининг зарур шарти, деб баҳоланади.

Полшада аҳолини рўйхатга олиш узоқ тарихга эга. Бу ерда мазкур тадбир Европада илк бор – 1764 йилда ўтказилган.

Ҳозирги пайтда мамлакатда аҳолини рўйхатга олиш халқаро меъёрлар асосида ўтказилади. Ҳар 10 йилда ўтказиладиган бу тадбирда аҳоли анъанавий: ёши, жинси, маълумоти, иш жойи, миллати, шунингдек, тураржойи ва унинг маиший асбоблар билан жиҳозланиши каби саволларга жавоб бериши керак бўлади. Аммо уй хўжалиги аъзолари ва турар жой тўғрисидаги саволлар батафсил – саволларнинг 34 гуруҳидан иборатдир.

Полшанинг 1999 йилдаги Аҳоли рўйхати тўғрисидаги қонунига мувофиқ, мамлакат фуқаролари рўйхатга олувчи ҳисобчини хонадонига киритиб, унинг саволларига жавоб бериши ёки сўровнома варағини ўзи тўлдириши мумкин. Лекин, аҳолини рўйхатга олиш тартиб-қоидаларидан батафсил таниш бўлмаган фуқаролар учун бу осон бўлмаган, сабаби аҳоли рўйхатини ўтказиш йўриқномаси 200 варақдан иборат бўлган.

Уларнинг Қонунига мувофиқ, Полшанинг ҳар бир фуқароси сўровнома саволларига тўла ва ҳаққоний жавоб бериши шарт. Маълумот беришдан бош тортиш учун жарима тўланади, ёлғон маълумот берганлик учун эса озодликдан маҳрум этилиши ҳам мумкинлиги белгилаб қўйилган.

 

А.Худоёров

Туман статистика бўлими бошлиғи  

 

Изоҳ қолдириш

Хизматлар

  • Ҳозир сайтда
  • 34 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс