Техника асри шу қадар шиддат билан одимламоқдаки, ҳатто янги технологияларни тушуниб улгурмасимиздан янгилари кашф этилмоқда.
Содда ва ишонувчан халқимиз ниманидир англаб етмасидан уддабурон фирибгарлар отни қамчилаб қолмоқда. Пулидан айрилган фуқаролар барчасини тушуниб етганида кеч бўлган бўлади. Сўнги пушаймон эса ўзинга душман. Сиз азизларга ҳозирги вақтда интернетда авж олаётган ТОП фирибгарлар ҳақида маълумот беришга қарор қилдик.
1- қисм. Хориждаги катта мерос.
Агар сиз шахсий маълумотларингизни интернетда жойлаштирган бўлсангиз, кутинг, албатта бир кун почтангизга хорижлик фирибгардан тахминан қуйидагича хабар келади: "Салом, мен палончиман, исм-фамилияси айнан сизнинг исм-фамилиянгиз билан бир хил бўлган менинг ҳамкасбим автоҳалокат туфайли ҳалок бўлди ва унинг катта миқдордаги (камида 1 млн доллар) пули эгасиз қолиб кетди. Мен бир йилдан буён интернетдан унинг қариндошларини изламоқдаман. Мана охири сизни топдим. Агар сиз шу одамнинг қариндоши бўлсангиз келиб унинг меросини олиб кетинг."
Агарда унинг алдовига илинсангиз нима бўлади?
1- босқич. "мерос"ни сизнинг номингизга расмийлаштириш учун камида 1000 доллар сўрайди. Табийки сиз уни жўнатасиз.
2-босқич. Виза ҳаражатлари учун яна камида минг "кўки"дан сўрайди.
3-босқич. Қуллик. Яъни унинг алдовига учиб бегона давлатга борасиз ва қопқонга тушасиз.
2- қисм.
Спортга пул тикиш
Ҳар биримиз тобора ҳар куни дуч келадиган телеграмдаги реклама бу - спортга пул тикиш! Деярли бир хил сценарий: қимматбахо машиналар, пуллар, сен ҳам мендай яшагинг келяптими? Ундай бўлса мен билан бирга спортга пул тик, мана мен шунинг орқасидан мазза қилиб яшаяпман" деб сафсата сотаётган фирибгарни барча кўрган бўлса керак. Уларнинг деярли 99 % ёлғондан иборат. Ҳақиқат шундаки, агар спортга пул тикиб бойиб кетиш улар айтганидек осон бўлганида эди, улар арендага машина олиб, сохта доллар сотиб олиб, телеграмда канал очиб, унга пул сарфлаб реклама қилиб овора бўлиб юрмас эди. Сизга индамасдан бойиб кетишган бўлар эди. Хўш, агарда унинг алдовига илинсангиз нима бўлади? Ҳақиқат шуки у фирибгарлар пулни айнан канал обуначиларидан олади. Ҳеч қандай спортдан бойиб кетмайди. 1- босқич. Каналига аъзо бўласиз, бошланишига кичикроқ суммадан пул тикишингизни сўрайди. Бошланишига сизга озроқ ютуқлар бериб туради.
2-босқич. Сизни кузатиб боради. Агар ёлғонларига берилиб катта суммаларга тайёр бўлсангиз, катта ўйинларга "тайёр таҳлил"ларни сотиб олишингизга ундайди. Хаттоки уй ва машинасини сотиб юборган одамларнинг ҳам гувоҳи бўляпмиз.
3- қисм. Табриклаймиз акция ғолибисиз!
Менимча буни телевизордан кўравериб зерикиб кетгансиз, ҳар эҳтимолга қарши айтиб ўтганимоқчимиз. Кунларнинг бирида сизга қандайдир мусобақада ғолиб бўлганлигингиз ва ушбу пулни сизга топширишлари учун пластик карта рақамингизни беришингизни сўрашади. Табийки агар сизда пластик карта бўлса, рақамини жўнатиб юборасиз.
Хўш, агарда унинг алдовига илинсангиз нима бўлади?
1- босқич. Сиз билан илиқ муносабат ўрнатади, табриклайди ва ҳ.к. Ишончингизга кириб пластик картангиз маълумотларини ўзлаштиради.
2-босқич. Телефонингизга келган смс хабар ёрдамида картангизни ўзига "улаб" олади ва барча пулингизни бир зумда ечиб олади. У вақтда сиз акциядаги "ютуқ" пулига нималарнидир режалаштираётган бўласиз!
Агар сизда ёки дўстингизда шу воқеалар содир бўлишни бошлаган бўлса қайси босқичга етганидан қатъий назар ТЎХТАНГ!!!
Б.Чоршанбиев ЖИБ Ангор туман суди девонхона мудири.
© Ангор тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024