Ассалому алайкум, ҳурматли тадбир иштирокчилари, ҳиммати баланд фермерлар, меҳнаткаш, заҳматкаш бободехқонлар, байрамимизнинг азиз меҳмонлари!
Аввало, Сиз, азиз дехқон ва фермерлар, сувчи, аграном ва механизаторларни, барча дала мехнаткашларини “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” ҳамда “Ҳосил байрами” билан самимий муборакбод этаман.
Жорий йилда туманимиз агрокластерлари ва фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалигида улкан марраларни забт этишди, яъни 2021 йил ҳосили учун етиштирилган давлатга пахта ва ғалла сотиш мажбуриятларини шараф билан адо этишди.
Ўз ҳаётини дунёдаги энг машаққатли ва олийжаноб ишга бағишлаган Сиздек, фидоий инсонларнинг йил бўйи тер тўкиб қилган меҳнатингиз ҳисобидан жорий йил мавсумида туманимиз 18 минг 135 тонна бошоқли дон етиштириб, давлатга ғалла сотиш режасини 110,4 фоизга бажарди. Бундан ташқари, фермер хўжаликларининг оилавий бюджетига 16 минг 684 тоннадан ортиқ ғалла қўшимча даромад келтирилди.
Бу йилги мавсумда туманда 10 та ўрим отрядлари ташкил этилиб, 20 та комбайнлар ўрим-йиғимда қатнашиб, бир кунда ўртача 450 гектар ғалла майдонлари ўрилди. Кунлик 1000 тоннадан ортиқ давлатга ғалла сотилди.
Бу йил давлатга 20 минг 49 тоннадан ортиқ пахта хом ашёси топширилиб режа 103.35 фоизга бажарилди. Давлатимизнинг, Муҳтарам Президентимизнинг юксак ишончини оқлашга мушарраф бўлдик.
Бугунги хурсандчилик кунда ғалла шартнома мажбуриятларини биринчилардан бўлиб бажарган, жумладан 60 сентнердан ошириб ҳосил олган “Ангор Сурхон ғурури” МЧЖ кластери, “Сайидносирхон”, “Муҳаммадали оқ олтини”, “Нев Прогрес”, “Мурод Қушбеги”, “Мамирқулов Шоқул”, “Саидмаликхон Ангор”, “Агроекспорт Таллимарон”, “Хонназаров Зафар”, “Чорвадор Нормўмин” ва “Равшанбек полвон Ангор” каби кўплаб фермер хўжаликларимиз юксак дон хирмонини бунёд этишда муносиб ҳисса қўшганини мамнуният билан эътироф этаман.
Улкан хирмонни бунёд этган, барчамизнинг ризқу-насибамиз, нонимизни бутун қилаётган деҳқон ва фермерларимиз, соҳа мутахассисларини мардона меҳнатига қойил қолиб, уларга ҳар қанча миннатдорлик билдирсак, арзийди, албатта.
Ҳақиқатдан ҳам, яқин ўтмишда четдан кимларгадир ялиниб, катта-катта маблағлар эвазига дон олиб келадиган хатто, бир ҳафта-ўн кунга етадиган ун захираси қолган оғир кунларни бошидан кечирган Ўзбекистон бугунги кунда 33 млн дан зиёд аҳолисини нафақат ғалла билан таъминлаётган, керак бўлса, уни экспорт қилаётган мамлакатга айлангани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Қадрли дўстлар!
Шу кунларда бутун мамлакатимизда янги йил байрамини барча жабҳаларда муносиб кутиб олиш учун қизғин тайёгарлик кўрилмоқда. Ушбу яқинлашиб келаётган “Янги йил” байрамига ангорликлар ҳам барча соҳаларда муносиб ютуқлари билан пешвоз чиқмоқдалар. Пахтакор ва ғаллакорларимизнинг жорий йилдаги ғалабаси мамлакатимизда пандемия даврида озиқ-овқат ва ғалла мустақиллигини мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаллари бўлди, деб ҳисоблайман.
Муҳтарам дўстлар!
Мана шундай кунда Сизларни, Сиз орқали барча қишлоқ хўжалиги корхоналари ва фермерларимизни ҳосил байрами ҳамда бу йилги юксак меҳнат ғалабаси билан яна бир бор табриклаб, барчангизга дилимдаги энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Ҳалол меҳнатингизни роҳатини кўринг, хонадонларимиздан файзу барака ҳеч қачон аримасин, юртимиз тинч, мамлакатимиз обод, Президентимиз ҳар доим омон бўлсинлар.
Эътиборларингиз учун раҳмат!
© Ангор тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024