Туманимизнинг “Охунбобоев” маҳалласида замонавий усулда бунёд этилган 24-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, туман мактабгача таълим ташкилотлари мудиралари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар кейинги йилларда мамлакатимизда келажагимиз эгалари бўлган болажонларни ҳар тарафлама баркамол қилиб тарбиялаш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишига айлангани алоҳида таъкидланди.
150 ўринга мўлжалланган мазкур боғча инвестиция дастури асосида 4 млрд 50 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилди. Икки қаватли, замонавий, шинам бу масканнинг очилиши нафақат болажонларнинг, балки ота-оналарнинг ҳам қувончига сабабчи бўлди.
- Илгари маҳалламизда ва қўшни Навшаҳар” ва “Чинобод” маҳаллаларида боғча йўқ эди. Эндиликда бу ерда учта маҳалла фарзандлари таълим тарбия олади. Боғчада болажонлар учун барча замонавий қулайликлар яратилибди. Бу биз ота-оналарни ҳам хурсанд қилди. Кенг хоналар, шинам ётоқхоналар, ошхона ва машғулотлар хоналарида фарзандларимиз ранг-баранг ўйинчоқлар ва кўргазмали қуроллардан фойдаланиб машғулотларда қатнашаётганлигидан мамнунмиз, -дейди Дилноза Ҳайитова.
Очилиш маросимидан сўнг, тадбир иштирокчилари муассасада тарбияланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишишди.
© Ангор тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024