Сурхондарё вилоятидаги бир гуруҳ нуронийлар ва жамоат ташкилотлари вакилларининг вилоят аҳолисига МУРОЖААТИ
Қадрли воҳадошлар!
Инсон ҳаётида сув энг муҳим ўрин эгаллашини барчамиз яхши англаймиз. Нафақат инсоният, балки бутун табиатни сувсиз тасаввур этиш қийин. Чунки сув ижтимоий, маиший ҳаётимиз асоси, тараққиёт ва тириклик манбаидир.
Давлатимиз раҳбари бошчилигида изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади инсон қадрини улуғлаш, халқимизнинг фаровон ҳаётини, турмуш ободлигини таъминлашга қаратилганини барчамиз дилдан ҳис этмоқдамиз.
Президентимиз томонидан илгари сурилган “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳам сув ресурсларини тежаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи ўта долзарб вазифа сифатида белгилаб берилгани бежиз эмас. Чунки, она табиатимизни, сув ресурсларимизни асраш, уни келажак авлодга бус-бутунлигича етказиш, фарзандларимиз, набираларимизнинг ҳам бебаҳо неъматлардан баҳрамад бўлишини таъминлаш инсоний бурчимиздир.
Қадрли воҳадошлар!
Халқимиз азал-азалдан сувни азиз неъмат билиб, сув чиқариб, яшиллик яратиб, элни яшнатганларни эъзозлайди, дуо қилади. Бундай эзгу ишларнинг энг юксак тасвирини сўз мулкининг султони Алишер Навоий яратган десак, муболаға бўлмайди. Зеро, ҳазрат бобомиз ўзининг “Фарҳод ва Ширин” достонида тошларни ёриб сув чиқарган, халқини бахтиёр ҳаётга етказган мард ва жасур Фарҳодни афсонавий қаҳрамон даражасига кўтарган.
Таъкидлаш керакки, улкан мутафаккир қаламига илҳом ва ҳарорат бағишлаган бундай қаҳрамонлик бугун ҳурматли Президентимиз томонидан айнан сурхондарёликлар учун амалга оширилди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Гап шундаки, мамлакатнинг жанубий минтақаси бўлган воҳамиз учун тоза ичимлик суви ҳаётий муаммога айланган. Бугунги кунда вилоят аҳолисининг 70 фоизи марказлаштирилган тоза ичимлик суви билан таъминланган. Бунинг устига ичаётган сувимизнинг минераллашув даражаси ошган, бу эса организмда туз тўпланишига, буйрак, юрак билан боғлиқ хасталикларга олиб келиши мумкин.
Давлатимиз раҳбари бу муаммони қалбидан ўтказиб, уни бартараф этишга, воҳадошларимизнинг кўп йиллик орзусини рўёбга чиқаришга астойдил киришдилар. Кўп ўтмай, “Тўпаланг” сув омборида ичимлик суви таъминоти тарихий лойиҳаси бошланганини эълон қилиб, қурилишнинг ҳар бир босқичини ўзи назорат қилиб турдилар. Президентимиз яқинда воҳамизга ташрифи давомида рамзий тугмачани босиб, лойиҳанинг биринчи босқичи якунланганини, воҳамиз аҳолисининг бир қисми экологик тоза ичимлик суви билан таъминланганини эълон қилдилар.
Бу оддий гап, оддий юмуш дегани эмас! Бу саломатлигимиз, фаровон ҳаётимиз билан боғлиқ масала. Юқоридаги лойиҳанинг дастлабки босқичида воҳамизнинг 4 та тумани, яъни 800 минг нафар аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. 2024 йилда эса натижа янада улкан бўлади. 380 км қувур Термиз шаҳригача тортилиб, вилоятимиз аҳолисининг тоза ичимлик сувига бўлган талаби 90 фоизга етказилади.
Қадрли воҳадошлар!
Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, экинзорлару боғ-роғларни суғориш учун давлатимиз томонидан барча имкониятлар ишга солинмоқда. Аммо, халқимиз зиммасида сувни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш масъулияти борлигини ҳам унутмаслигимиз керак.
Сув бизга икки карра ҳаёт бағишлайди. Уни ҳам истеъмол қиламиз, ҳам бизни боқадиган ерни суғориб ризқ-рўзимизни ундирамиз. Танамизга мусаффо ҳаво бағишловчи яшил олам ҳам сув билан барҳаёт эканини барчамиз яхши англашимиз керак!
Бугун барчамиз, дунёдаги “Киприкдаги ёшдай қалқиб турган” вазиятни хавотир билан кузатиб турибмиз. Шулар қаторида сув танқислиги ҳам бутун оламда глобал муаммога айланиб бормоқда. Афсуски, бу масала бизнинг минтақамизни ҳам четлаб ўтмаяпти.
Ҳурматли Президентимиз бу ҳақда ҳар бир чиқишларида, халқаро анжуманларда фикр-мулоҳазаларини билдирмоқдалар. Мамлакатимизда сувни тежовчи технологиялар кенг жорий қилинмоқда, давлатимиз томонидан бу борада фойдали ва самарали чоралар кўрилаяпти. Аммо, атроф-муҳитга, табиат неъматларига, жумладан, сувга инсоф билан муносабатда бўлиш, уни тежаш, исроф қилмаслик аҳолимизга, ҳар биримизга боғлиқ масала бўлиб қолаяпти.
Қадрли воҳадошлар!
Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари воҳамизга ташрифи давомида сув танқислиги муаммосига яна бир бора эътибор қаратиб, сув текин эмаслигини, ундан самарали фойдаланиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик масаласини аҳоли онгига чуқур сингдириш, уни маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар ва кенг жамоатчилик билан бирга кундалик турмуш қоидасига айлантириш асосий вазифа бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Бу фикрлар ҳар биримизни чуқур мушоҳадага чорлайди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, “Тўпаланг”дан Термизгача сув келтириш учун сарфланаётган маблағлар тасаввурга сиғадими? Ёки вилоятимизда 80 фоиз ерлар насос орқали суғорилиши, бу миллион-миллион киловатт соат электр энергияси сарфи дегани эмасми?
Муҳтарам фахрийлар!
Нуроний отахонлару онахонлар!
“Зар қадрини заргар билади”, дейишади. Сиз катта ҳаёт йўлини босиб ўтгансиз. Бир томчи сув, бир ушоқ нон қадрини сизчалик ким билади?
Далаларга борайлик. Ризқу-рўзимиз манбаи бўлган ғалла, пахта ва бошқа экинлар, боғ-роғларнинг суғорилишига эътибор қаратайлик. Афсуски, баъзи далалар қуриб-қақшаб ётган бўлса, яна бошқа далаларни сув босиб, сувлар беҳуда зовурларга оқиб ётган ҳолатларни ҳам учратишингиз мумкин. Оби-ҳаётнинг увол бўлиб бораётганини кўриб кўнгил хира тортади, юрак ачишади. Баъзан аҳоли ҳовли-жойларига эътибор қилсак, одамларнинг томорқасида ҳам шу каби аҳволни кўриш мумкин.
Ёки шаҳар, туманлар маҳаллаларини олайлик. Шундай уйлар борки, шунчаки оқаётган сувларнинг жўмрагини ёпишга эътибор қилишмайди. Ё бўлмаса, тоза ичимлик сувидан машина ювишда, ҳовли ё кўчаларга сув сепишда ва бошқа исрофгарчиликлар учун фойдаланаётганига гувоҳ бўласиз.
Бундай сувни тежашга, қадрлашга бепарво бўлаётган инсонларга, фермер, томорқа ер эгаларига, тадбиркорларга сизнинг насиҳатингиз кор қилади. Чунки сизнинг сўзингизда ҳаёт сабоғи, турмуш ҳикмати бор.
Ҳурматли маҳалла фаоллари, зиёлилар!
Сиз ҳар куни маҳаллада, ҳар бир оила ва унинг аъзоси билан бевосита бирга ишлайсиз. Одамларнинг “иссиқ-совуғи”дан яхши хабардорсиз. Шу нуқтаи назардан ўз ҳою-ҳаваси йўлида ёки шунчаки лоқайдлик билан табиат неъматларини, хусусан, сувни исроф қилаётган одамлар ҳам борлигини биласиз. Улар билан учрашганда, суҳбатларда сувнинг қаердан пайдо бўлиши, унинг ҳам ҳисоб-китоби борлиги, биз шунчаки сувнинг истеъмолчиси эмас, қадрловчиси бўлишимиз кераклиги ҳақида гапиринг! Сув бугун бизнинг мулкимиз эмас, келажак авлоднинг, болаларимизнинг ризқи эканлигини айтинг!
Кўпинча арзон ва мўл-кўл нарсалар ҳақида гап кетганда “Сувдай текин”, деймиз. Ваҳоланки, сув арзон ҳам, мўл-кўл ҳам эмаслигини, таборо камайиб, глобал муаммога айланиб бораётганини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибдику.
“Яшил макон” доирасида экилаётган ниҳолар сувсизликдан қуриб кетаётган ёки бўлмаса сув беҳуда оқизилиб, ҳам исроф бўлиб, ҳам ниҳолга зарар етаётган ҳоллар ҳам назарингиздан четда қолмасин.
“Элга эл қўшилса давлат”, дейди халқимиз. Яхши гаплар, яхшиликка чорловлар кўпайса яхшилик кўпаяди. Яхшилик бор жойда нажот бор, ободлик бор.
Ҳурматли ота-оналар, ўқитувчи-мураббийлар!
Фарзандларимизга табиат бойликларининг ҳисобсиз эмаслигини, бу Ватаннинг бир томчи суви ҳам, бир туп гиёҳи, ниҳоли ҳам, бир қарич ери ҳам муқаддас эканлигини, улар ҳам Ватан эканлигини англатишда, ёшларда теварак-атрофга, бизни боқаётган, ҳаётимиз манбаи бўлган неъматларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳиссини, тежамкорлик маданиятини шакллантиришда ўрнингиз беқиёс, эканини барчамиз биламиз.
“Қуш уясида кўрганини қилади”, дейди халқимиз. Бинобарин, бир томчи сувнида исроф қилмаслик, ниҳол экишда, уларни тежамкор усуллар билан суғоришда, уйимизни, мактаб ва маҳалламизни, юртимизни “яшил макон”га айлантиришда шахсий намуна, ўрнак, ибрат бўлайлик!
Кексаларимизнинг “Сувга тупурма!”, “Сувни тўкма, шамолни сўкма”, деган ўгитларини ёшларимиз онгига сингдирсак, нур устига аъло нур бўлади.
Унутманг, табиатсевар, юртсевар авлод оилада, мактабда камол топади. Ота-оналар, муаллим ва мураббийлар қўлида вояга етади.
Муҳтарам имом-хатиблар, дин пешволари!
Аллоҳ таоло инсониятга саноғига етиб бўлмайдиган даражада неъматлар ато этиб, уларни берилган неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, исрофга йўл қўймасликка чақирди. Бу ҳақда Қуръони каримда: “… еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”, деб инсониятни исрофдан қайтарган.
Ҳатто муборак Ҳаж зиёратига борганларга таҳорат олиш учун атиги 750 грамм сув бе¬рилиши ҳақида ҳам кўп эшитганмиз. Бизда эса, биргина юз-қўл ювиш учун ўнлаб литр сув исроф бў¬лаётган ҳолатлар, минг аф¬суски, уч¬раб турибди. Ҳаётимиз учун энг зарур неъмат бўлган сувнинг исрофи динимизда жуда қаттиқ қоралангани, сувни исроф қилишнинг гуноҳи эса исрофлар ичида энг оғир экани, бир инсон сувни ўз эҳтиёжидан ортиқча ишлатиши оқибатида зарар кўрган бошқа жон эгаси ва сувсизликдан қуриган ҳар қандай гиёҳ учун жавобгар бўлиши Сизлар яхши биласизлар!
Ўйлаймизки, бу каби инсонни инсон, ҳаётни ҳаёт, халқни халқ ҳолида ушлаб турувчи ўлмас қадриятларнинг мазмун-моҳияти сизнинг жума намозлари ва бошқа турли тадбирлардаги ажойиб, маърифатга тўла маърузаларингиз билан одамлар қалбидан янада чуқурроқ жой олади.
Азиз ёшлар!
Қадрли талабалар, мактаб ўқувчилари!
Сиз ҳозир илм мағзини йиғмоқ фаслидасиз. Ҳаёт мактабини кўрган кексаларимиз, ота-оналар, муаллим ва мураббийлар ўгитларига қулоқ тутинг.
Ўқинг, ўрганинг. Теварак-атрофга теран нигоҳ ташланг. Қаерда нима увол бўлаяпти? Нимани исроф қилаяпмиз? Уйдами, ўқиш ё ишдами, кўчадами сувни беҳуда сарфлаётганларга, бу тансиқ, бебаҳо неъматни увол қилаётганларга зинҳор бепарво қараманг. Бундай ҳаракатларга муросасиз бўлинг! Шундай хатога йўл қўяётган тенгдошларингизга тушунтиринг. Тафаккур қилинг. Билмаганингизни сўранг. Дейлик, сувнинг ҳаётимиздаги ўрни қандай? Чиндан ҳам сув баъзилар айтадигандек текинми? Мўл-кўлми?
Сиз тўплаган билимларингиз, ўзингизда шакллантирган маънавият ва маданиятингиз, Ватанга муҳаббатингиз, она ерга, сувга, табиат неъматларига меҳр-шафқатингиз билан ёрқин келажагингизни яратасиз. Бу билан мамлакатимиз ривожига улкан ҳисса қўшасиз!
Ҳурматли тадбиркорлар, кластерлар, фермерлар, деҳқон хўжаликлари-ю томорқа ер эгалари!
Ота-боболаримиз, "Уммон олдида турсанг ҳам бир том¬чи сувни исроф қилма",деб бежиз айтиш¬маган. Сизнинг сувни исроф қилмасдан етиштирган маҳсулотингиз ёки кўрсатаётган хизматингизда албатта барака бўлишини дилдан ҳис этишингиз керак.
Хабарингиз бор, сўнгги 40 йил ичида дунёдаги ҳар бир киши бошига тўғри кела¬диган чучук сув миқдори 60 фоизга камайган. Яқин 25 йил ичида яна 2 баробарга камайиши тахмин қи¬лин¬моқда. Сув истеъмоли сўнгги 100 йил ичида 6 марта ортган, 2050 йилга келиб бу миқдор яна икки баробарга кўпайиши кутилмоқда. Бу энг аввало, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, қишлоқ хўжалиги талабларидан келиб чиқиши тахмин қилинаётир.
Шунинг учун замонавий сув те¬жовчи технологиялардан фойдаланиш, сувдан ўз вақтида, бир томчисини ҳам ис¬роф қилмасдан ишлатишингиз мақсадга мувофиқ бўлади. Сувнинг исроф бў¬¬¬лишига йўл қўйган шахсга қо¬нун¬чилик асосида жавобгарлик чоралари ҳам борлигини ёддан чиқармаслигимиз керак!
© Ангор тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2024