Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Ангор тумани ҳокимлиги
Иқтисодий судларда рақамли далиллардан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари

Замонавий технологияларнинг ривожланиши билан иқтисодий судларда электрон далиллар муҳим ўрин эгалламоқда. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ҳам судларда ишончли ва мақбул далилларни тақдим этиш муҳим аҳамият касб этади.
Зеро, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида қайд этилганидек, Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси ва Иқтисодий процессуал кодексида ҳам суд ишни муҳокама қилишда иш бўйича барча далилларни бевосита текшириши шартлиги белгилаб қўйилган.
Шундай экан суд, ишни кўриб чиқишда далилларга асосланади, тақдим этилган фактларнинг тўғрилигини текширади ва иш юзасидан қонунга асосланиб хулоса қилади.
Иш бўйича далиллар деганда Иқтисодий процессуал кодексининг 66-моддасида шундай таъриф келтирилади. Иқтисодий процессуал кодексида ва бошқа қонунларда назарда тутилган тартибда олинган фактлар ҳақидаги маълумотлар бўлиб, улар асосида суд ишда иштирок этувчи шахсларнинг талаблари ва эътирозларини асословчи ҳолатлар, шунингдек низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини аниқлайди. Бундай маълумотлар ашёвий, ёзма ва рақамли далиллар, экспертларнинг хулосалари, мутахассисларнинг маслаҳатлари (тушунтиришлари), гувоҳларнинг кўрсатувлари, ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари билан аниқланади.
Қонунчиликдаги сўнгги ўзгартиришларга назар ташлайдиган бўлсак, иқтисодий суд ишларини юритишда ҳам рақамли (электрон) далиллар алоҳида далил тури сифатида Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим Қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 21.11.2024-йилдаги ЎРҚ-1003-сонли Қонуни билан кўплаб қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиришлар, қўшимчалар киритилган бўлса, айримлари алоҳида модда, прим моддалари билан тўлдирилди.
Иқтисодий процессуал кодекси ҳам 761 ва 762-моддалари билан тўлдирилиб, унда электрон маълумотлар электрон қурилмалардан ва ахборот тизимларидан, шунингдек ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда яратиладиган, ишлов бериладиган ҳамда сақланадиган маълумотлар эканлиги, ишда иштирок этувчи тарафлар, гувоҳлар ва бошқа шахслар электрон маълумотларни ушбу маълумотларнинг кўчирма нусхасини электрон жисмдан электрон маълумотлар мавжуд бўлган бошқа электрон жисмга олиш орқали тақдим этишга ҳақли эканлиги, суд тақдим этилган электрон маълумотларни мутахассис иштирокида қабул қилиб олади хамда электрон маълумотлар мавжуд бўлган бирламчи электрон жисмни кўздан кечириши, иш учун аҳамиятга эга бўлмаган электрон маълумотлар мавжуд бўлган электрон жисмлар эгаларига дарҳол қайтариб берилиши, иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган электрон маълумотлар, шу жумладан электрон тарздаги файллар, аудио-, видеоёзувлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғида сақланаётган маълумотлар, шунингдек бошқа электрон маълумотлар рақамли далиллар эканлиги қайд этилиб, ишда иштирок этувчи тарафлар, гувоҳлар ва бошқа шахслар рақамли далилларнинг кўчирма нусхаларини қоғозда чоп этилган шаклда тақдим этиш ҳуқуқига ҳам эга эканлиги, бунда рақамли далилнинг қоғоздаги шакли ёзма далил деб ҳисобланиши мумкин эмаслиги, бундан нотариус томонидан тасдиқланган рақамли далил мустасно эканлиги, суд жараёнида тузилган процессуал баённомаларга илова қилинган, электрон маълумотлар тарзида шакллантирилган аудио- ва видеоёзувлар хам рақамли далиллар ҳисобланиши, рақамли далилнинг кўчирма нусхаси иш материаллари билан бирга сақланишини ўзида акс эттирган модда диспозициялари билан тўлдирилди.

Қонун билан Иқтисодий процессуал кодексининг тўлдирилган далиллар ва исботлаш деб номланган боби, эндиликда суд, ишда иштирок этувчи шахслар ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар иқтисодий суд ишларини юритишда бевосита ёзма, ашёвий далиллар билан бир вақтда элекрон маълумотларни, рақамли далилларни шу жумладан электрон рақамли имзолар билан тасдиқланган ҳужжатларни, аудио ва видео ёзувларни, веб-сайтлардан олинган маълумотларни ҳам электрон кўринишда тақдим этиши мумкин бўлди.
Электрон далилларни судга тақдим этишда уларнинг ҳақиқийлиги ва ўзгармаганлиги исботланиши ҳам муҳимдир. Бу жараён Ўзбекистон Республикасиннинг "Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида"ги 29.04.2004-йилдаги Қонуни ва бошқа тегишли норматив ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Ўзбекистон Республикасиннинг "Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида"ги Қонуннинг 7-моддасида қайд этилишича электрон ҳужжат қоғоз ҳужжатга тенглаштирилади ва у билан бир хил юридик кучга эга бўлади.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, электрон далиллар бошқа далил турларига нисбатан бир қатор афзалликларга эга ҳисобланиб, электрон далилларнинг аниқ вақт тамғаси билан қайд этилишини, электрон ҳужжатлар ва маълумотлар судга тез ва қулай шаклда тақдим этилишини, электрон далиллар катта ҳажмдаги маълумотларни бир жойда жамлаш имконини беришини ва уларни сақлашнинг осонлигини, электрон далилларни тезкор равишда кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш имкониятининг мавжудлигини, бу эса суд ишларини самарали юритишга ёрдам беришини қайд этиш ўринлидир.
Иқтисодий процессуал кодексининг электрон маълумотлар ва рақамли далиллар деб номланган моддалар билан тўлдирилиши иқтисодий судларда электрон далиллардан фойдаланишда замонавий суд ишларини юритиш амалиётининг муҳим қисмига айланмоқда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг судларга узоқ масофадан туриб далилларни электрон платформалар орқали юбориши, суд томонидан тезкор равишда кўриб чиқилиши адолатли қарорлар қабул қилиш имконини бермоқда. Пировардида, судга мурожаат қилувчиларнинг узоғини яқин қилиб, ортиқча қоғозбозликларнинг олдини олишга кўмаклашмоқда. Шу ўринда ишда иштирок этувчи шахслар ва одил судловни амалга оширишда кўмаклашувчи шахсларга электрон далилларни тақдим этиш ва улардан фойдаланишда қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишлари зарурлигини алоҳида эътиборга олишлари лозим бўлади.

Н.Бекназаров

Шеробод туманлараро иқтисодий судининг архив мудири

Изоҳ қолдириш

Сайтимизнинг янги талқини сизга ёқдими?

  • Ҳозир сайтда
  • 6 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс