Ўзбекистон Республикасида умумий аҳолини рўйхатга олиш тадбири биринчи марта 2026 йилда режа қилинмоқда. Иккинчидан, аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари “ижтимоий ҳимоя”, “инвестиция”, “уй-жой”, “соғлиқни сақлаш”, “маданият”, “туризм”, “таълим”, “йўл қурилиши ва инфратузилма” каби манзилли дастурларни тайёрланиши ва амалга оширилишида хизмат қилади. Келгусида аҳолини рўйхатга олиш натижаларига асосланиб, ушбу дастурларни амалга ошириш натижаларини баҳолаш, иқтисодий прогнозлаш ва демографик сиёсатни шакллантириш мумкин.Учинчидан, аҳолини рўйхатга олиш бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тавсияси ҳисобланади. Мазкур тадбир дунёнинг кўплаб мамлакатларида ўтказилди. Аҳолини рўйхатга олиш бутун дунё аҳолисининг умумий, кенг кўламли қиёфаси яратилишига хизмат қилади.
Аҳолини рўйхатга олиш Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида ягона статистика услубият асосида ўтказиладиган, белгиланган санага қадар аҳолининг демографик ва ижтимоий-иқтисодий тавсифини аниқловчи маълумотларни йиғиш, олинган маълумотларни қайта ишлаш ва умумлаштириш, якуний маълумотларни кенг оммага тарқатиш ва ундан фойдаланиш жараёнидир. Бу тадбирда нафақат статистика органлари, балки республиканинг бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳам бевосита иштирок этадилар. Жумладан: Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш учун зарур бўлган миқдорда картографик материалларнинг (шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режаси, маъмурий туманлар харитаси) тайёрланишини таъминлайди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги аҳолини рўйхатга олиш варақаларини ва бошқа ҳужжатларни сақлаш бўйича ишларни мувофиқлаштиради, шунингдек, аҳолини рўйхатга олишнинг йиғма ҳужжатларини қайта ишлангандан сўнг доимий сақланишини юритади. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги қуйидагиларни амалга оширади: аҳолини рўйхатга олишга жалб этилган шахсларнинг тўлиқ хавфсизлиги ва рўйхатга олиш материалларининг сақланишини таъминлайди; рўйхатга олишни ўтказиш даврида аҳолини рўйхатга олиш органларининг бинолари ва юкларини қўриқлашни амалга оширади; аҳолини рўйхатга олиш органлари билан биргаликда, рўйхатга олишни ўтказиш учун зарур маълумотларни беришдан бош тортган ёки корхона ва ташкилот ҳудудига киритишга тўсқинлик қилган шахсларга нисбатан таъсир чоралари кўриши мумкин. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари зиммаларига ҳам бир қатор вазифалар юклатилган бўлиб, улар қуйидагиларни амалга оширадилар: рўйхатга олиш тадбирига жалб этилган шахсларнинг ўқиши ва ишлаши учун яроқли бўлган мебеллар ва алоқа воситалари билан жиҳозланган вақтинчалик бинолар ҳамда аҳолини рўйхатга олиш варақалари ва бошқа ҳужжатларни вақтинчалик сақлаш учун қўриқланадиган бинолар ажратади; аҳолини рўйхатга олиш участкаларини зарур транспорт ва алоқа воситалари билан таъминлайди; давлат кадастри ва давлат статистика органлари билан биргаликда, доимий яшовчи аҳоли сонини кўрсатган ҳолда аҳоли пунктларининг тўлиқ рўйхатини тузадилар.
Ангор туман статистика бўлими бошлиғи: А.Худоёров
© Ангор тумани ҳокимлиги веб-сайтлари 2025