Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Ангор тумани ҳокимлиги
Оилавий жанжал ярашув билан якун топди.

 

Бу оила бир қарашда ҳавас қилгулик эди. Эр-хотин сал кам йигирма йил бирга яшаб уй қилди, рўзғор бутлади, уч нафар фарзандли бўлди... Аммо турмуш доим бир текисда, силлиқ кечмаслиги сир эмас. Айниқса, оилада эр-хотин ўртасида можаро юзага келганида, тушунмовчиликни имкон қадар вазминлик билан ҳал қилиш содир этилажак кўнгилсизликнинг олдини олиши турган гап. Йўқса, ўзаро жанжал оилавий зўравонликка айланиб кетиши ҳеч гап эмас. Бунга Ангор туманида яшовчи Камол Темировлар оиласида (исм-фамилиялар ўзгартирилган) келиб чиққан можаро ҳам яққол мисолдир.
Биркуни эр-хотин Камол ва Мақсуда ўртасида гап қочди. Ғазабдан ўзини тия олмаган Камол турмуш ўртоғига нисбатан зўравонлик қилди. Яъни унинг юзига уриб, соғлиғи бузилишига олиб келган енгил тан жароҳати етказди. Бу ҳол, суд залига қадар етиб келди. Камолнинг қилмишига нисбатан Жиноят кодекси 1261-моддасининг 3-қисми билан иш очилганди. Бу модда қонун тилида “оилавий (маиший) зўравонлик” деб аталади.
Жиноят иши судда кўрилиши жараёнида,жабрланувчи судга ярашув тўғрисида ариза билан мурожаат қилиб, содир этилган жиноят натижасида ўзига етказилган зарар тўлиқ қоплангани, турмуш ўртоғи билан бир оила бўлиб яшаб келишаётгани, шу сабабли унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги билдирди.
Суд жабрланувчи ва судланувчининг ярашув тўғрисидаги аризаларини жиноят иши ҳужжатлари билан ўрганиб, судланувчининг айбига иқрорлиги ва етказилган зарарнинг тўлиқ қопланганлиги, ярашув жабрланувчининг ўз хоҳиши билан ихтиёрий бўлганлиги сабабли жиноят ишини тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатишни лозим топди.
Шу тариқа бир оила жар ёқасидан қайтди. Уч фарзанднинг тирик етим бўлишининг олди олинди. Аксинча бўлганида-чи? Унда бир мушт билан бир оила барбод бўлиб кетган бўларди. Шунингдек, ярашув тўғрисидаги аризани ўз хоҳиши билан ёзгани, унга бирон-бир тазйиқ бўлмагани, ярашув суд томонидан тасдиқлангандан кейин, келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатларни тушунганлигини маълум қилди.
Ўйлаймизки, воқелик иккисига ҳам сабоқ бўлди ва бу хонадон аъзолари энди оила қўрғонини мустаҳкамлаш пайида бўладилар.

Жиноят ишлари бўйича
Ангор туман судининг раиси
С.Бўтаев

 

Изоҳ қолдириш

Хизматлар

  • Ҳозир сайтда
  • 2 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс