Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Ангор тумани ҳокимлиги
30 июль — Бутун жаҳон одам савдосига қарши курашиш куни.

    Афсуски, дунё бўйлаб шунча кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар “замонавий қуллик”, яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги ачинарли. Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда. БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёл ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600–800 минг нафар аёл ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда. Одам савдоси – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси  этиб қайта ташкил қилинди.

Миллий комиссиянинг соҳадаги асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

давлат органлари ва ҳудудий органларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти самарадорлигини, яқин ҳамкорлиги ва баҳамжиҳат ишлашларини таъминлаш мақсадида уларнинг одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

миллий қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш мақсадида одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкиллаштириш, шунингдек, уларнинг ижросини назорат қилиш;

одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни таҳлил қилиш, баҳолаш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини ошириш, ушбу соҳадаги жиноятларни аниқлаш, тергов қилиш, олдини олиш ва уларга чек қўйиш амалиётини ўрганиш;

одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида самарали халқаро ҳамкорлик ва баҳамжиҳат ҳаракатни ташкил этиш, шунингдек, мазкур соҳада ахборотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва маърузалар тайёрлаш.

Айтиш лозимки, бугунги кунга келиб одам савдосининг авж олишига, яъни инсонни қандайдир бир буюм сифатида, таъбир жоиз бўлса инсонни олди-сотдининг объекти сифатида фойдаланилиши, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол этилишига нималар сабаб бўлмоқда?

— одам савдоси каби ноқонуний фаолият тури  бир ёки бир неча аъзолардан иборат гуруҳларнинг сердаромад манбасига айланиб бораётгани, яъни уларнинг ҳеч қандай оғир ва машаққатли меҳнатларсиз мўмай даромад олишга уринаётганлиги;

— одам савдосининг қурбонига айланаётган шахсларнинг соддалиги, ўзининг, яқинларининг тақдирига ва келажагига бефарқлиги, лоқайдлигида. Яъни энг олий неъмат ҳисобланмиш эркин ҳаёт тушунчасига нисбатан енгил ва бепарволик билан қарашлари оқибатида ушбу одам савдосини амалга оширувчи жиноятчиларнинг ўлжасига, аниқроғи уларнинг осон даромад манбаига айланиб қолмоқдалар;

— одам савдосини амалга оширувчи жиноятчи шахслар ўзларининг танишлари, яқин қариндошларига нисбатан, яъни уларнинг ишончига кириб олиб, уларнинг одам савдосини қурбонига айланиб қолишига сабабчи бўлаётганлигида;

— одам савдосининг қурбонига айланаётган шахсларнинг ор-номус қилиб, кўрган хўрликлари, уларга нисбатан ишлатилган турли хилдаги жисмоний ёки рухий тазйиқлар ҳақида ёҳуд ўзининг ноқонуний равишда чегарани бузиб чиқиб, чет давлатда ҳеч қандай давлат рўйхатидан ўтмасдан, ноқонуний меҳнат фаолиятини амалга оширганлигидан қўрқиб булар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этмаслиги.

2020 йил 17 август куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан янги таҳрирдаги «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги» қонун имзоланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан 2008 йил 29 августда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни маъқулланиб, амалдаги Жиноят кодекси 135-моддасининг янги таҳрири қабул қилинди. Жиноят кодекси 135-моддасининг аввалги таҳририда фақатгина одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган одам савдоси билан боғлиқ жиноий қилмишларнинг барчасини комплекс тарзда қамраб олмас эди. Шу сабабли, у шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини тўлиқ муҳофаза қилишга имкон бермас эди. 2019 йил мобайнида чақалоқлар савдосида воситачиларнинг 32 фоизи тиббиёт ходимлари эканлиги аниқланган. Шунингдек, чақалоқ сотиш сабаблари ўрганилганда, 9 таси айбини яшириш, 10 таси моддий манфаат учун эканлиги маълум бўлган. 2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 2018 йилга нисбатан 22 фоизга камайган, бироқ чақалоқлар савдоси 38 фоиздан 43 фоизга ошган. Сенат раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Нарбаева мазкур жиноятларга оид бошқа маълумотларни келтириб ўтган. Қайд этилишича, 2019 йилда Сирдарё ва Хоразм вилоятларида 5 тадан, Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида ва Тошкент шаҳрида 4 тадан, Самарқанд, Фарғона, Наманган, Андижон, Навоий вилоятларида 3 тадан чақалоқ савдосига оид жиноят содир этилган. Мазкур йўналишдаги жиноятлар 72 киши томонидан амалга оширилган бўлса, уларнинг 62 нафари (86 фоизи) – аёллар томонидан содир этилган. Бу жиноят бошқа жиноятлар билан биргаликда содир этилганда, жиноятлар жами тариқасида квалификация қилинади. Мазкур қилмишларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси юқори эканлиги, жамият аъзоларининг соғлиғи, ҳаёти ва бошқа ҳуқуқларига тажовуз қилиниши, айниқса ёшларнинг ахлоқига салбий таъсир кўрсатиши эътиборга олиниб, жазо чоралари ҳам кучайтирилди. Қайд этиш лозимки Республикамизда фуқароларнинг хорижда меҳнат қилишини ташкил этишга доир ҳуқуқий асослар яратилган бўлиб, улардаги асосий талаблардан бири – бу хорижга юборилиши кўзда тутилаётган фуқароларнинг муайян давлат ҳудудида ижтимоий ҳимоясининг таъминланиши, барча ижтимоий кафолатлар ва тиббий суғуртанинг мавжудлигидир.

Одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш бугунги кунда долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунга кўра, одам савдосидан жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш, шунингдек уларнинг одам савдосига қайта жалб этилиши хавфининг олдини олиш мақсадида идентификация қилинади. Шунингдек, қонунда одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослашувини таъминлаш тартиби белгиланиб, улар, жумладан, қуйидагиларни ўз ичига олади:

ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштириш даврида моддий ёрдам кўрсатишни; вақтинчалик уй-жой, озиқ-овқат, санитари-гигиена воситалари билан, зарур ҳолларда эса кийим-бош, пойабзал ва бошқа зарур ашёлар билан таъминлашни; ишга жойлашишда, таълим олишда, касбий жиҳатдан йўналтиришда ва касбга тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлашда ёрдам кўрсатишни; ижтимоий жиҳатдан қайта интеграцияга, шу жумладан қариндошларни излашида ёрдам кўрсатишни. Шу билан бирга, одам савдосидан жабрланганлар тўғрисидаги ҳамда уларга нисбатан содир этилган ҳолатлар ҳақидаги ахборот, шунингдек кўрилган хавфсизлик чоралари тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмаслиги белгиланди.

Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган барча ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини олий қадрият сифатида эъзозлашдир. Шундай экан, трансмиллий хусусият касб этган, яъни ҳудуд ва чегара танламас жирканч иллат – одам савдосига қарши кескин кураш олиб бориш барчамизнинг муҳим вазифамиздир.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, одам савдосига қарши кураш борасида аҳолининг турли қатламлари, айниқса, аёллар ва вояга етмаган шахсларга одам савдоси каби иллатнинг фаровон турмуш-ҳаётимизга соладиган хавфи ва салбий оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш, яъни, аҳолининг гавжум жойларида, маҳаллаларда, турли хил таълим муассасаларида, давлат идоралари, корхона, муассаса, ташкилотларда тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш, кенг тушунтириш ишларини амалга ошириш, уларда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ошириш асосий вазифалардан биридир.

 

  К.Хидиров  

Жиноят ишлари бўйича                                                             

Ангор туман суди раиси

Изоҳ қолдириш

Хизматлар

  • Ҳозир сайтда
  • 6 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс