Ўз  /  O'z  /  Ру  /  En
Ангор тумани ҳокимлиги
Аҳолини рўйхатга олиш — келажак сари янги қадам

   Мамлакат фуқаролари тўғрисидаги маълумотлар ҳар қандай давлат миллий статистикасининг муҳим қисми саналади.Бундай маълумотлар маълум вақт оралиғида аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари орқали тўпланади.Улар нафақат республика, балки Ер юзи аҳолисининг сони, ижтимоий ҳолати, даромадлари каби бир қанча муҳим ахборотларни ҳисоблаб боришга хизмат қилади.

БМТ дунё мамлакатларига фуқаролар билан юзага келадиган бир қатор ижтимоий муаммоларнинг ечими ҳамда иқтисодий кўрсаткичларнинг демографик кўрсаткичлар билан мутаносиб равишда ўсиб боришини таъминлаш учун ҳар ўн йилда камида бир маротаба аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишни тавсия этади.Юртимизда мустақилликдан сўнг кенг кўламда аҳолини рўйхатга олиш тадбири ўтказилмаган. Шу боис, мамлакатимизда илк бор 2023 йилда ўтказилиши кўзда тутилган аҳолини рўйхатга олиш тадбирига айни пайтда қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Аҳолини рўйхатга олиш  мамлакат ҳудудида миллати, элатидан қатъий назар барча инсонларни бирлаштирадиган умуммиллий тадбир бўлиб, унинг ўтказилишидан барчамиз, сиёсий қарашларимиз ва ижтимоий мавқеимиздан қатъи назар бирдек манфаатдормиз. Боиси, мазкур йирик ижтимоий тадбир орқали, биринчи навбатда, жами аҳолининг  сони (2021 йил 1 январь ҳолатига республика аҳолиси 34 558,9 минг киши ташкил этган), фуқаролиги, никоҳ ҳолати яъни расмий никоҳ, норасмий никоҳ ёки эрта никоҳ, одамларимизнинг таълим даражаси (ўрта, ўрта махсус ёки олий), яшаш учун даромад манбалари, уйсизлар сони,уй хўжалинининг яшаш шароитлари каби бир қанча кўрсаткичлар бўйича бугунги кунда етарлича мавжуд бўлмаган маълумотлар базаси шакллантирилади. Шаҳарча, маҳалла, қишлоқ ва овуллар сони ҳамда уларнинг чегаралари, турар жойлар сони, улардаги мавжуд шарт-шароитлар тўғрисидаги маълумотларга аниқлик киритилади.

Бугунги кунда БМТ дунё мамлакатларини ҳар 10 йилда камида бир маротаба ўз аҳолисини рўйхатга олишга даъват этади.Аксарият мамлакатларда аҳолини рўйхатга олиш тадбири ҳар 10 йилда бир маротаба ўтказилади. Хўш, нега айнан 10 йилда бир марта? Бунинг бир қанча сабаблари бор, албатта. Аввало, 10 йил ичида жамиятда салмоқли ўзгаришлар рўй беради.Аввалги рўйхатга олиш усуллари самарадорлиги сезиларли даражада камайиши сабабли, сўровномалар мазмунига тузатишлар, маълумотларни тўплаш ва қайта ишлаш усулларига замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда ўзгартиришлар киритиш талаб этилади.

2015 йилда БМТнинг “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюцияси қабул қилиниб, 2020 йил раундига старт берилган эди. Бу раунд 2015 йилдан 2025 йилгача бўлган даврни ўз ичига олади. Ўзбекистон ҳам ўз аҳолисини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишни режалаштирган давлатлар қаторидан жой олди ва дунё халқлари бўйича 228 чи бўлиб БМТ томонидан рўйхатга олинди. Бироқ коронавирус пандемиясининг дунё бўйлаб кенг тарқалиши кўплаб ҳолатлар сингари аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Аксарият мамлакатларда бу тадбирларнинг муддати ўзгартирилди.

Юртимизда ҳам 2023 йилда ўтказилиши режалаштирилган аҳолини рўйхатга олиш тадбири 2023 йилнинг 1-25 ноябрь кунларига кўчирилди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 710-сон қарори билан мустаҳкамланди. Шунингдек, мазкур қарор билан 2021 йилнинг 1-25 ноябрь кунлари Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ҳамда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида аҳолини синов тариқасида рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш белгиланди.

        А.Худояров

     Туман статиситика бўлими бошлиғи

 

1 изоҳ

Изоҳ қолдириш

Сайт ҳақида фирингиз?

  • Ҳозир сайтда
  • 4 та фойдаланувчи ҳозир сайтда
  • Валюта курс